Бош саҳифа > ЯНГИЛИКЛАР > “INFOLIB – 2016” Миллий ахборот- кутубхона ҳафталиги доирасида “Бетгерхонлик − 2016” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди

“INFOLIB – 2016” Миллий ахборот- кутубхона ҳафталиги доирасида “Бетгерхонлик − 2016” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди
24.10.2016

2016 йил 24 октябрь таниқли кутубхонашунос, библиограф,  тарихчи, китобшунос ва педагог Евгений Карлович Бетгер шарафига ўтказилган “Бетгерхонлик – 2016. Ўзбекистон мустақиллигининг 25 йиллиги: ҳудудларнинг ривожланиш суръати” мавзусидаги давра суҳбати бўлиб ўтди. Бу йилги “Бетгерхонлик − 2016” давра суҳбати Ўзбекистон Республикаси мустақиллиги йилларида республика ахборот маконининг шаклланиши, мустаҳкамланиши, ҳамжиҳатлигининг таъминланиши ва яхлитлиги масалаларида вазирлик ва идоралар ахборот-кутубхона марказларининг ташкил топиши ва ривожланишига бағишланди.

Видео-конференция қатнашчиларига табрик сўзи билан Ўзбекистон Миллий кутубхонаси директори А.Ходжаев, Тошкент шаҳри ахборот-кутубхона маркази директори Х.Каримова, Ўзбекистон фанлар Академиясининг асосий кутубхонаси директори З.Бердиева ва Республика кўзи ожизлар кутубхонаси директори ўринбосари Г.Бердимбетова чиқдилар.

Республика ҳудудлари билан ташкил этилган видео-мулоқотда Ўзбекистон Республикасининг вазирлик ва идоралари тасарруфидаги ахборот-кутубхона муассасаларидан қарийиб 400дан зиёд мутаҳассислар иштирок этдилар.

Давра суҳбатида ҳозирги кунда кутубхоналарнинг вазифалари ва имкониятлари тўғрисидаги тушунчалар, уларнинг маданий, илмий, таълимий ва ахборот инфратузилмасидаги ўрни, сиёсий ва маданий ҳаётда, демократиянинг ривожланишида, глобал ахборот макони шаклланишидаги роли ҳақида гапирилди. Янги технологиялар ахборот-кутубхона муассасаларига улкан имкониятларни очиб берди, янги вазифалар ечими зарурлиги масаласини олдинга сурди. Ахборот-кутубхона муассасаларининг вазифалари белгилаб олинди. Энди улар маданий-маърифий ва депозитар вазифалар билан бир қаторда тўла ҳуқуқли ахборот марказларининг таълимий, ижтимоий ва коммуникатив вазифаларини ҳам бажармоқдалар.

Шунингдек тадбирда қуйидаги масалалар мухокама қилинди: ахборот-кутубхона муассасаларининг ривожланиш суръати, ҳудудларда китоб меросини сақлашда ахборот-кутубхона марказларининг роли, замонавий ижтимоий ҳамкорликнинг таркибий қисми сифатида кутубхона шерикчилиги, миллий лойиҳаларда ҳудудий ресурслар инъикосининг ўзига хос хусусиятлари, кутубхоналарни қайта қуриш ва рақамли форматларда сақлаш муаммолари.

Ўзбекистон Миллий кутубхонаси матбуот хизмати

КУТУБХОНА ТАВСИЯ ЭТАДИ
ТАҚВИМ