Бош саҳифа > ЯНГИЛИКЛАР > Ўзбекистон Миллий кутубхонасида Ўзбекистон  Республикасининг Давлат тили қабул қилинган кунга бағишланган туркум тадбирлар бўлиб ўтди

Ўзбекистон Миллий кутубхонасида Ўзбекистон  Республикасининг Давлат тили қабул қилинган кунга бағишланган туркум тадбирлар бўлиб ўтди
21.10.2016

2016 йил 21 октябрь куни Ўзбекистон Миллий кутубхонасида Ўзбекистон  Республикасининг Давлат тили тўғрисидаги Қонуни  қабул қилинган кун – она тили байрами муносабати билан туркум тадбирлар ташкил этилди. Тадбирлар доирасида Ўзбекистон Республикасининг Давлат тили тўғрисидаги қонун  қабул қилинган кунга бағишланган “Тил бор экан – миллат барҳаёт” номли китоб-расмли кўргазма, П.Ф.Боровский номидаги тиббиёт коллежи ўқувчилари иштирокида адабий-мусиқий кеча ва “Сўзи азизнинг –ўзи азиз” деб номланган давра суҳбати ўтказилди. Тадбирда тилшунос ва адабиётшунос олимлар, ёзувчи ва шоирлар, таржимон ва суҳандонлар, Тошкент Тиббиёт академияси ҳузуридаги ҳарбий-тиббий факультети курсантлари, П.Ф.Боровский номидаги Тошкент тиббиёт коллежи ўқувчилари ва кутубхона фойдаланувчилари иштирок этдилар.

Тадбирни очиқ деб эълон қилар экан, Ўзбекистон Миллий кутубхонаси директор ўринбосари У.Тешабаева мазкур куннинг мамлакатимиз тараққиётида тутган ўрни ва бу кунни тил байрами сифатида кенг нишонланиши анъанага айлангани ҳақида сўзлади. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоир Шукур Қурбон ўзбек тилига Давлат мақоми берилишининг ўзбек адабиётида ўзига хос ўрин тутгани, ўзбек адиблари, уларнинг сўз салоҳияти ва асарлари ҳақида сўзлади. Шунингдек, у она тилимиз-ўзбек тилини тараннум этувчи шеърлар ўқиб берди.

Филология фанлари доктори, профессор Омонулла Мадаев “Ўзбекистон  Республикасининг Давлат тили тўғрисида”ги Қонун қабул қилиниши тарихи, унга сабаб бўлган омиллар ҳақида сўзлади, унинг ўзбек миллатининг, миллий қадриятларнинг шаклланиши ва миллий тилнинг баркамол авлод маънавий тарбиясида аҳамияти ҳақида сўзлади. “Тил - ҳар бир миллатнинг ажралмас мулкидир. Токи тил бор экан халқ барҳаёт. Биз шубҳасиз, ўзбек тилининг ўзига хос таровати, нафосати ва жозибасини тараннум этган шоирларимиз ва ёзувчиларимиз, уларнинг асарлари билан фахрлансак арзийди”, деди О.Мадаев ва Э.Воҳидовнинг “Сўз латофати” китобидан бунга намуналар келтирди.

Филология фанлари номзоди  Зухриддин Исомиддинов ўзбек тилининг бойлиги ва бениҳоя кучи ҳақида сўзлаган нутқида унинг ҳозирги кунда барча соҳаларида расмий қўлланилаётгани, фан ва адабиётдаги ривожи тўғрисида тўхталиб ўтди. “Ўзбек тилининг Давлат тили сифатида тан олиниши унинг нафақат расмий тил, балки миллий маданиятимизнинг ифодаси омили ва ўсиб келаётган ёш авлоднинг ўз она тилига муҳаббат руҳида табдиялашда муҳим жиҳат ҳисобланади”.

Тадбир доирасида Ўзбекистон Миллий кутубхонасининг “Тафаккур” залида Ўзбекистон Республикасининг Давлат тили тўғрисидаги қонун  қабул қилинган кунга бағишланган “Тил бор экан – миллат барҳаёт” номли китоб-расмли кўргазма очилди. Унда “Зоминнинг тил қомуси”, “Лотин алифбосига асосланган ўзбек алифбоси ва имлоси”, “Ўзбек тилининг имло луғати”, “Ўзбек тилининг этимологик луғати”, “Она тили-Давлат тили”, “Ўзбекистон Республикасининг давлат тили ҳақида “ги қонунга шарҳлар”, “Қорақалпоғистондаги ўзбек шевалари”, “Ўзбек тилининг амалий стилистикаси”, “Истиқлол ва она тилимиз”, “Тил – дарё”, “Ўзбек тили ва адабиёти”, “Ўзбек тили фонологияси ва морфологияси”, “Ҳарфлар тилга кирганда”, “Ўзбек тилида сўз ўзлаштириш ва имло муаммолари”, “Тил”, “Қайроқи сўзлар”, “Сўз ва масъулият”, “Тил ва эл” каби китоблар тақдим этилган. Улар ўзбек тилига Давлат мақоми берилиши билан боғлиқ тарихий воқеалар, бой ва мафтункор ўзбек тилининг имкониятлари ҳақида ҳикоя қилади.  П.Ф.Боровский номидаги тиббиёт коллежи ўқувчилари иштирокида ўтган адабий-мусиқий кечада ўқувчи қизлар шеъриятда ўзаро бахслашиб,  она тилини тараннум этувчи ашулалар куйладилар, шеърлар, ғазаллар, монологлар ўқидилар.

Ўзбекистон Миллий кутубхонаси матбуот хизмати

КУТУБХОНА ТАВСИЯ ЭТАДИ
ТАҚВИМ