Бош саҳифа > ЯНГИЛИКЛАР > Ўзбекистон Миллий кутубхонасида Ўзбекистон халқ артисти Ўлмас Алихўжаев таваллудининг 75 йиллигига бағишланган хотира кечаси бўлиб ўтди

Ўзбекистон Миллий кутубхонасида Ўзбекистон халқ артисти Ўлмас Алихўжаев таваллудининг 75 йиллигига бағишланган хотира кечаси бўлиб ўтди
07.09.2016

2016 йил 7 сентябрь куни Ўзбекистон Миллий кутубхонасида Ўзбекистон халқ артисти Ўлмас Алихўжаев таваллудининг 75 йиллигига бағишланган “Саҳнамиз Отабеги эди...” номли хотира кечаси бўлиб ўтди ва “Қодирий орзу қилган қаҳрамон” номли кўргазма очилди. Тадбирда “Ўзбеккино” Миллий агентлигининг вакиллари, таниқли режиссёр, оператор, актёрлар, Ў.Алихўжаевнинг қариндошлари ҳамда Миллий кутубхона фойдаланувчилари  қатнашдилар.

Тадбирни очиқ деб эълон қилар экан, Ўзбекистон Миллий кутубхонаси директори ўринбосари У.Тешабоева кеча иштирокчиларини қутлади, бу ерда ўтказиладиган тадбирларнинг аҳамияти ва моҳияти ҳақида сўзлади ҳамда йиғилганларни Ўзбекистон халқ артисти Ў.Алижўжаев ижоди билан таништирди. Ўзбекистон халқ артисти Г.Жамилова Ў.Алихўжаев билан ҳамкорликда суратга тушган фильмлар, унинг ёш актёрларга берган ўгитлари ва унинг хатто машҳурликка эришганда ҳам йўқотмаган инсонийлик хислатлари ҳақида ҳақида ҳикоя қилди. Ўзбекистон халқ артисти Г.Саъдуллаева ҳам унинг актёрлик ва педагоглик маҳоратини алоҳида таъкидлаб, деди: “Ўлмас ака меҳрибон дўст, содиқ дўст, вафодор ёр эдилар. Улар ўз фаолиятлари бошидаёқ ўзларига юқори поғонани белгилаб олдилар ва ўз ҳаётлари давомида шу ролларга муносиб ролларни ижро этишга ҳаракат қилдилар”.

Ў.Алихўжаевнинг дўсти ва касбдоши Р.Адашев ўз талабалик ва театр гастроллари даврини хотирлаб деди: "Ўлмас Алиходжаев мендан тўрт курс катта бўлсаларда ҳамиша хушмуомала ва ёрдамга тайёр эдилар. Мени таҳсил олгандан сўнг Ўлмас ака фаолият кўрсатаётган театрга йўлланма олганимдан бехад мамнунман ва у ўйнаган фильмда кичик роль бўлс ҳам ижро этганимдан хурсанд бўлар эдим”. “Ўзбекистон-Россия” Дўстлик жамияти ижрочи директори, жкрналист ва режиссёр Ф.Фахрутдин ва таниқли режиссёр Ҳ.Қаҳрамонлар ҳам  ҳамкорликдаги фаолиятларини хотирладилар.

Алихўжаевлар оиласи номидан сўзга чиққан опаси София Алихўжаева хотира кечаси ташкилотчиларига ўз миннатдорчилигини билдирди ва ўз хотиралари билан ўртоқлашди. “Бугун бизнинг Ўлмасни эслаб, ёшларни унинг ижоди билан таништириб, укам билан бир саҳнада, фильмларда биргаликда роллар ижро этган ҳамкасбларни таклиф этганингиз учун хотира кечаси ташкилотчиларига ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз. Бизнинг авлодимизда ҳамма ҳарбий бўлгани учун ундан ҳам умидимиз катта бўлган. Ўлмас жуда иқтидорли бола эди. У расм чизар, аккордеон, балалайка ва фортепиано чалар эди. У санъатда ўзини тўлақонли намойиш этиб, ўзининг барча орзуларини рўёбга чиқарган эди".

Тадбир бошида Ў. Алихўжаевнинг бош ролларда ўйнаган кинофильмларидан парчалар қўйилди. “Ижод” залида “Қодирий орзу қилган қаҳрамон” номли китоб-расмли кўргазма очилди. Кўргазмада Ў.Алихўжаевнинг ролларда ижро этган китоблари, унинг фаолиятини ёритган журнал ва газеталардаги мақолалар, унинг фотосуратлари, хаёти ва ижоди тўғрисида маълумотлар келтирилган. Миллий кутубхона фойесида эса “Ўзбеккино” миллий агентлиги билан санъатшунос Елена Қори-Ёқубова ва Гулнора Худойберганова ҳамда таниқли режиссёр Хамид Қаҳрамон томонидан тақдим этилган фотосуратлар кўргазмаси очилди.

Тадбир қатнашчилари Миллий кутубхона рахбариятига ўз миннатдорчиликларини билдирдилар ҳамда кўрсатилган фильм парчаларидан, фотосуратлардан олган ўз таассуротлари билан ўртоқлашдилар.

Ўзбекистон Миллий кутубхонаси матбуот хизмати

КУТУБХОНА ТАВСИЯ ЭТАДИ
ТАҚВИМ