Бош саҳифа > ЯНГИЛИКЛАР > Ўзбекистон Миллий кутубхонасида Ўзбекистон халқ артисти Муҳаббат Шамаева билан ижодий учрашув бўлиб ўтди

Ўзбекистон Миллий кутубхонасида Ўзбекистон халқ артисти Муҳаббат Шамаева билан ижодий учрашув бўлиб ўтди
26.08.2016

2016 йил 26 август куни Ўзбекистон Миллий кутубхонасида Ўзбекистон халқ артисти Муҳаббат Шамаева билан ижодий учрашув бўлиб ўтди. М.Шамаева анъанавий мумтоз мусиқа йўналиши хонандаси ҳисобланади, шу жумладан Шошмақом қўшиқлари ижрочиси ҳамдир.

Тадбирни очиқ деб эълон қилар экан, Ўзбекистон Миллий кутубхонаси директори А.Ходжаев меҳмонларни қутлади ва Ўзбекистон Миллий кутубхонасининг ёш авлодни ҳар томонлама етук бўлиб тарбиялашда ва бой миллий маданий меросимизни асраб авайлашдаги ролини алоҳида айтиб ўтди. Шунингдек, у Ўзбекистон халқ артисти Муҳаббат Шамаеванинг ўзбек мумтоз ва эстрада қўшиқларини элга танитишдаги ҳиссасини алоҳида эътироф этди. Таниқли журналист Б.Бабаев М.Шамаеванинг ижод йўли дебочаси ҳақида хотирлади. “М.Шамаева Ўзбекистон телерадиосида ташкил этилган мақомчилар ансамблида хонанда бўлиб, кейинчалик эса эстрада хонандаси сифатида фаолият юритган. У айтган қўшиқлар кириб бормаган ўзбек хонадони йўқ. “Кўчалар”, “Тошкент метросида”, “Мирзочул ёр-ёри”, “Моҳигул”, дунё халқлари ашулалари ва бухоро яҳудийлари халқ қўшиқлари Муҳаббат Шамаева ижоди қанчалар ёрқин ва ранг-баранг бўлганидан далолатдир”.

Тадбирда сўзга чиққанлар М.Шамаеванинг сўнмас истеъдоди, хорижда ҳам олиб бораётган ижодий фаолияти ҳақида сўзладилар. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Г.Эрқулова М.Шамаеванинг нафақат ўзбек, балки дунё халқлари санъатини ҳам бойитган ижоди, унинг устозликлик сифатларига алоҳида урғу берди ва “М.Шамаева санъати нафақат Ўзбекистон балки дунё маданиятини бойитди. У яратган қўшиқлар ҳамон тиллардан тилларга ўтиб келмоқда. Шамаева ижодининг хорижда ҳам обрў топиши, қўшиқларнинг мукаммал ишлаганида, замон ва макон танламаслигида. Биз шогирдлар ўзимизда устозимиздан меҳнатсеварлик, сабр ва гўзал дидни тарбиялашга ҳаракат қилмоқдамиз”, деди. Учрашув иштирокчилари ҳам ўз навбатида М.Шамаева билан ҳамкорликда ишлаган даврлар ҳақидаги ўз хотиралари билан ўртоқлашдилар.

Таниқли тележурналистлар А.Абдувоҳидов ва Т.Қоратоев, Ўзбекистон халқ ҳофизи Ҳ.Ражабийлар М.Шамаева ва И.Малаевлар ижодий оиласи, М.Шамаеванинг телевиденияда, радиода ва эстрададаги илк қадамлари ҳақида хотирладилар. “М.Шамаева ижросида иккита фильм: “Мухаббат Шамаева куйлайди” ва “Куйлаганда бизнинг Муҳаббат” суратга олинган. Унинг 500га яқиш қўшиқлари Ўзбекистон радио ва телевидениесининг олтин фондидан жой олган. Бугунги кунда ҳам М.Шамаева шошмақом мусиқий йўналишини кенг ёйиб, миллионлаб инсонларни бу қадимий мусиқа билан таништирмоқда ва шу билан ўзбек мумтоз мусиқаси сарҳадларини кенгайтирмоқда”.

Ижодий учрашувда М.Шамаева устозлари, дўстлари, ҳамкасблари ва шогирдлари шаънига кўплаб илиқ сўзлар айтди, сафар давомида орттирган таассуротлари билан ўртоқлашди, Ўзбекистонда амалга ошган ижобий ўзгаришлар ҳақида ҳаяжон ва ғурур билан сўзлади. Шунингдек, у ўз репертуаридан жой олган қўшиқларидан куйлаб берди.

Ижодий учрашув доирасида Ўзбекистон халқ артисти Муҳаббат Шамаева ижодий фаолиятига бағишланган “Ойдин кўчалар” деб номланган китоб-расмли кўргазма бўлиб ўтди.

 

Ўзбекистон Миллий кутубхонаси матбуот хизмати

КУТУБХОНА ТАВСИЯ ЭТАДИ
ТАҚВИМ