Бош саҳифа > ЯНГИЛИКЛАР > Ўзбекистон Миллий кутубхонасида 2016 йил биринчи ярим йиллик якунларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди

Ўзбекистон Миллий кутубхонасида 2016 йил биринчи ярим йиллик якунларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди
20.07.2016

2016 йил 20 июль куни Ўзбекистон Миллий кутубхонасида 2016 йил биринчи ярим йиллик якунларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси вакили, кутубхона раҳбарияти, хизмат раҳбарлари, ходимлар ва масъул мутахассислар иштирок этди.
Йиғилиш аввалида Ўзбекистон Миллий кутубхонаси директори А. Ходжаев йиғилиш қатнашчиларига 2016 йил 15 июлда бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Махкамасининг мажлиси, унда муҳокама этилган масалалар ва қилинган хулосалар тўғрисида маълумот берди. У йиғилиш қатнашчиларини ярим йиллик якунлари бўйича ялпи ички маҳсулотнинг ўсиши, саноат маҳсулоти ишлаб чиқариш ҳажми ва ташқи савдо айланмаси кўрсаткичлари, шунингдек, қўшимча иш ўринларини ташкил этиш, хизматлар ва сервис соҳасида амалга оширилаётган тизимли чора-тадбирлар билан таништирди.

2016 йилнинг биринчи ярим йиллик якунлари бўйича Ўзбекистон Миллий кутубхонаси фаолиятини баҳоловчи қуйидаги маълумотлар келтирилди:
- Миллий кутубхонанинг умумий фонди – 7 110 609, шундан босма фонд 9638 нусхага кўпайди ва умумий сони – 6 691 865 нусхани, электрон кўринишдаги ресурслар – 55 113 нусхага кўпайиб, умумий сони 418 744 тага етди.
- Миллий кутубхона рўйхатидан ўтган фойдаланувчилар сони жами – 140 256 нафарни ташкил этиб, ҳисобот даврида кутубхонада 14 519 нафар фойдаланувчи рўйхатга олинди. Ўтган давр мобайнида фойдаланувчиларнинг жами ташрифи – 470 961 маротабани, шундан: кутубхонага ташриф буюрганлар – 419 954, кутубхона веб-сайтидан фойдаланганлар – 51 007 ни ташкил қилди, китоб бериш – 2 802 291 нусхани ташкил қилиб, веб-сайтдаги ички манбаларга – 168 403 та мурожаатлар бўлди.
- 2016 йил биринчи ярим йилида Ўзбекистон Миллий кутубхонасида 155та турли маънавий-маърифий тадбирлар бўлиб ўтди, шулардан: Ўзбекистоннинг муҳим ва унутилмас саналарига бағишланган 49 та мавзули ва шахсга оид кўргазмалар, 17 та “Миллий кутубхонага келиб тушган янги нашрлар” кўргазмалари; расмлар ва амалий санъат асарлари кўргазмаси 12 та;
- муассаса ва ташкилотлар билан ҳамкорликда 31 та ижтимоий-маданий тадбирлар ва Миллий кутубхонанинг 2016 йилга мўлжалланган маънавий-маърифий тадбирлар режасига асосан 46 та тадбирлар ташкил қилинди. Жумладан: китоб тақдимотлари, адабиётлар кўргазмаси, фото-расмлар кўргазмаси, танловлар, маънавий-маърифий тадбирлар (илмий анжуман, давра суҳбати, хотира кечаси, ижодий учрашув, адабий-мусиқий кеча).

Ҳисобот даврида Ўзбекистон Миллий кутубхонасида:
- «Илмий маълумотлардан фойдаланиш ва нашр эттириш фаоллиги» мавзусида I Миллий илмий-таълимий форум ўтказилди.
- Миллий кутубхона томонидан “Central Asia. Фан, таълим, маданият ва бизнесда интернет ва кутубхона-ахборот ресурслари ўрни” мавзусида X Халқаро конференцияси 21-23 апрель кунлари Самарканд шаҳрида ўтказилди.
- «Соғлом она ва бола йили» Давлат дастурини амалга ошириш бўйича Миллий кутубхона директорининг 2016 йил 19 февралдаги “Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 9 февралдаги “Соғлом она ва бола йили” Давлат дастури тўғрисида”ги ПҚ-2487-сон қарорини маълумот ва ижро учун қабул қилиш тўғрисида” 14-сон буйруғи қабул қилинди ҳамда Миллий кутубхонада Давлат дастурини бажарилишини таъминлаш бўйича чора-тадбирлар Режаси тасдиқланди.
- “Миллий умумтаълим электрон кутубхона”си лойиҳаси доирасида Корея Республикасининг “КСС Information & Communication” консалтинг компанияси билан лойиҳа бўйича тендер савдолари ўтказилди ва ғолибни аниқлаш бўйича якуний ҳужжатлар расмийлаштирилмоқда.
- 2015-2016 йиллар мобайнида хорижий нашриётлар илмий-таълимий маълумотлар базаларидан фойдаланиш масалалари ишлаб чиқилди ва 2016 йил 1 июндан бошлаб илмий-тадқиқот институтлари ва олий таълим муассасаларини ўзи ичига олган республиканинг 120 та илмий-таълимий ташкилотларининг EBSCO илмий-таълимий маълумотлар базаларидан фойдаланиши йўлга қўйилди.

Йиғилишда, шунингдек, Республика йиғма электрон каталог маркази директори А.Газиев, каталоглаштириш ва туркумлаштириш хизмати раҳбари В.Борисов, сканерлаш ва рақамлаштириш хизмати Х.Джураев, ахборот-коммуникация технологиялари ва хорижий ахборот-кутубхона фондларига уланиш хизмати рахбари Д.Усманалиев сўзга чиқдилар. Ўз чиқишларида улар хизматларида биринчи ярим йилликда амалга оширилган ишлар ҳақида ҳисобот бердилар ва уларни чизмалар ва диаграммалар кўринишида слайдларда тақдим этдилар. Ҳисоботлар бўйича бўлиб ўтган савол-жавоблар ижобий кўрсаткичлар билан бир қаторда камчиликлар ҳам мавжудлигини кўрсатди. Муҳокамалар сўнгида мавжуд муаммоларни бартараф этиш, илмий-тадқиқот, услубий, ишлаб чиқариш, инновацион, халқаро ҳамкорлик ишларини самарали ташкил этиш, лойиҳалар фаолиятига даҳлор, АКТни тадбиқ этиш, ахборот-кутубхона соҳаси мутахассисларини тайёрлаш ва малакасини ошириш, конференциялар, семинарлар, тақдимот ва кўргазмалар мавзулари борасида бир қатор таклифлар кўриб чиқилди.
Бажарилган ишлар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

Ўзбекистон Миллий кутубхонаси матбуот хизмати

КУТУБХОНА ТАВСИЯ ЭТАДИ
ТАҚВИМ