Бош саҳифа > ЯНГИЛИКЛАР > Ўзбекистон Миллий кутубхонасида Шанхай шаҳри ҳақидаги китоблар ва фотосуратлар кўргазмаси очилди

Ўзбекистон Миллий кутубхонасида Шанхай шаҳри ҳақидаги китоблар ва фотосуратлар кўргазмаси очилди
11.07.2016

2016 йил 11июль куни Ўзбекистон Миллий кутубхонаси фойесида Шанхай шаҳри ҳақидаги фотосуратлар ва китоблар кўргазмасининг тантанали очилиши бўлиб ўтди. Мазкур экспозиция Ўзбекистон Миллий кутубхонаси ҳамда Шанхай кутубхонаси томонидан амалга оширилаётган “Шанхайга йўл” лойиҳаси асосида ўтказилаётган маданий дастур доирасида ташкил этилган бўлиб, дунёнинг энг йирик шаҳарларидан бири – Шанхай шаҳрига бағишланган.

Лойиҳанинг асосий мақсади – фойдаланувчиларни Хитойнинг тарихи ва анъаналари, шунингдек мамлакатнинг ҳозирги кунда эришган ютуқлари билан таништириш. Айни дамда “Шанхайга йўл” лойиҳаси 48 мамлакатда амалга оширилмоқда. Мазкур лойиҳа доирасида Ўзбекистон Миллий кутубхонаси Хитой муаллифларининг 350 номдаги тилшунослик, адабиёт, туризм, маданият ва тарихга оид китобларини олди.    

Тадбирни очиқ деб эълон қилар экан, Ўзбекистон Миллий кутубхонаси директори А.Ходжаев давлатларимиз ўртасида ривожланиб бораётган иқтисодий, маданий алоқалар ривожи ва кўргазманинг ёшларда бағрикенгликни тарбиялашдаги аҳамиятини алоҳида таъкидлади, Ўзбекистон Миллий кутубхонаси ва Шанхай кутубхонаси ўртасидаги ҳамкорлик, шунингдек, Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Шанхайга йўл” лойиҳасининг амалга оширилиши тўғрисида сўзлаб берди. ХХР Ўзбекистондаги фавқулодда ва муҳтор элчиси Сунь Лицзе кўргазма меҳмонларини қутлади ва унинг ташкил этилганлиги учун ўз миннатдорчилигини билдирди ва: “Биз Ўзбекистон Миллий кутубхонаси билан ҳамкорлик қилишдан мамнунмиз. Март ойида шу ерда замонавий хитой ёзувчиси Лао Шэнинг “Мушуклар шаҳри хотиралари” номли китобининг тақдимотини ўтказган эдик. Бугунги кўргазма Хитой билан, айнан Шанхай шаҳри билан яқиндан танишиш имконини беради. Ярим ой аввал Хитой давлати раҳбари Си Цзиньпинь Ўзбекистонга ташриф буюриб, икки давлат раҳбарлари хитой-ўзбек ҳамкорлигининг ҳар томонлама стратегик муносабатларини ривожлантирувчи бир қатор қарорларни қабул қилдилар. Мазкур кўргазма Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги маданий алоқалар ривожида яна бир муҳим қадам бўлиб хизмат қилишига умид қиламиз”, деди.

Кўргазманинг тантанали очилишида Шанхай кутубхонаси раҳбарияти, шахсан, унинг диретори Ву Цзянчонгнинг тадбир қатнашчиларига йўллаган мурожаати ўқиб эшиттирилди. Хитой, яҳудий ва бошқирд миллий маданий марказлар вакиллари эса байрам дастурини тақдим этдилар.

Кўргазмада Шанхай шаҳрининг тарихи, географияси, диққатга сазовор жойлари, маданий обидалари, бой миллий ва маданий анъаналари, маданияти, адабиёти ҳақида ҳикоя қилувчи китоблар, шунингдек, Шанхайнинг бетакрор манзарали масканлари, осмонўпар бинолари тасвирланган фотосуратлар тақдим этилган.

Кўргазмада 35та фотосурат тақдим этилган бўлиб, уларда фойдаланувчиларга шаҳарнинг гўзаллиги, маҳалий аҳолининг урф-одатлари, халқнинг тарихи ва миллий ўзига хослиги ҳақида кенг маълумот берувчи Шанхай шаҳрининг диққатга сазовор жойлари, тарихий обидалари, бунёдкорлик иншоотлари, замонавий бинолар, маданий ўчоқлар, саноат объектлари тасвирланган.

Шанхай шаҳри фотосуратлари экспозициясига ташриф буюрган фойдаланувчилар фотосуратларнинг сифати ва хитой суратчиларининг маҳорати билан яқиндан танишадилар.

Шанхай шаҳри ҳақидаги фотосуратлар ва китоблар кўргазмаси Ўзбекистон Миллий кутубхонаси фойесида 2016 йил 11 августга қадар давом этади.

Ўзбекистон Миллий кутубхонаси матбуот хизмати

КУТУБХОНА ТАВСИЯ ЭТАДИ
ТАҚВИМ