Бош саҳифа > ЯНГИЛИКЛАР > Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Тошкентнинг кенг бағри” (“Большое сердце Ташкента”) деб номланган ҳужжатли фильм тақдимоти бўлиб ўтди

Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Тошкентнинг кенг бағри” (“Большое сердце Ташкента”) деб номланган ҳужжатли фильм тақдимоти бўлиб ўтди
28.06.2016

2016 йил 28 июнь куни Ўзбекистон Миллий кутубхонасида Тошкентнинг “Фаввора-фильм” студиясида суратга олинган “Тошкентнинг кенг бағри” (“Большое сердце Ташкента”) деб номланган ҳужжатли фильм тақдимоти бўлиб ўтди. Тақдимотда фильм ижодкорлари, драматурглар, сценарий муаллифлари, кинотанқидчилар ва кутубхона фойдаланувчилари иштирок этдилар.

Ўзбекистон Миллий кутубхонаси директори А.Ходжаев тадбир қатнашчиларини қутлади ва ҳозирги глобаллашув ва терроризм ҳуружи даврида дунёда тинчлик ва барқарорлик учун кураш олиб борилаётган бир пайтда тақдимоти ўтказилаётган фильмнинг моҳияти ва аҳамияти ҳақида сўзлади. Сценарий муаллифи, таниқли журналист Б.Бабаев фильм яратилиши ғояси, суратга олиниш жараёни ва фильм ижодкорлари билан таништирди. “Фильмнинг асосий ғояси – урушнинг биринчи кунлариданоқ ўлимга маҳкум этилганлар учун Тошкентнинг халоскор бўлганлигини эътироф этиш. Ўзбек ҳалқининг бағрикенглиги, уруш офатлари туфайли оғир аҳволда қолганларга кўрсатган хайриҳохликлари тасвирланган. Бу Иккинчи жаҳон уруши йилларида бир ярим миллион бошпанасини йўқотганлар, шулар жумласидан, 250 минг яҳудийлар ва кўплаб болаларнинг Ўзбекистонга юборилгани ҳақида фильм яратишга бўлган илк уринишдир”.

 Томошабинларни ўзига мафтун этган “Тошкентнинг кенг бағри” (“Большое сердце Ташкента”) фильми намойишидан сўнг тақдимот иштирокчилари ўзларининг фильм тўғрисидаги таассуротлари ва ота-оналари ёки ўзлари гувоҳи бўлган уруш йиллари хотиралари билан ўртоқлашдилар.

Таниқли режиссёр Ж.Исхаков мазкур фильмнинг ўзбек халқининг уруш йилларида Тошкенга эвакуация қилинган минглаб инсонларни бомбалар, очлик ва совуқдан қутқариб, уларга бошпана, осоишталик ва оилаларидан жой ажратган жасоратлари ҳақида ҳикоя қилувчи фильм, дея эътироф этди. Ўзбекистоннинг фаҳрий журналисти Р.Султонов эса: “Фильм хиссиётларга бой, кенг қамровли ва томошабинларда ҳамдардлик туйғусини уйғотади. Фильмда Марғилонга эвакуация қилинган, таниқли ҳайкалтарош, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Я.Шапиро, Янги йўлга эвакуация қилинган Россия халқ артисти И.Кобзон, Қаршига эвакуация қилинган, сув хўжалиги мутахассиси А.Нисневич, “Кўчанинг қуёшли томонида” (“На солнечной стороне улицы”) китоби муаллифи Д.Рубина, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори А.Саидов, Россия халқ артисти Ю.Стоянов ва бошқалар ўз хотиралари билан ўртоқлашадилар”.

Журналист Э.Тухватулина фильм ижодкорларига миннатдорчилик билдирди ва фильмнинг бир қаҳрамони – ёзувчи Д.Рубина тақдири, ўша мудҳиш йиллар тасвирланган асарлари ҳақида сўзлади. Адабиётшунос Л.Шахназарова тадбир иштирокчиларига асарлари Ўзбекистонга бўлган меҳр билан йўғрилган шоир П.Шуга ижоди ҳақида ҳикоя қилиб берди.

Фильм тақдимотида ўзбек халқининг бағрикенглиги, эвакуация қилинган бошқа миллат вакилларига нафақат меҳр-шафқат кўрсатганлиги, балки уларнинг маданияти тараққиётига ҳам хайриҳохлик билдирганлиги ва мазкур фильм Тошкентнинг “ташриф қоғозига” айланиши ҳақида сўз борди.

 Собиқ Совет Иттифоқининг душман томонидан босиб олинган европа қисмидан эвакуация қилинганлар ҳақидаги “Тошкентнинг кенг бағри” (“Большое сердце Ташкента”) фильмини томоша қилганлар мустақил Ўзбекистонимизнинг ўша даврдаги жонбозлиги ва 25 йиллик тўйи арафасида қўлга киритган ютуқларини холис баҳолаш имкониятига эга бўлдилар. Шунингдек, иштирокчилар фильм ижодкорлари сценарий муаллифи таниқли журналист Б.Бабаев, режиссёр Х.Валиев, операторлар А.Тўлаганов (Ўзбекистон), А.Клепалов (Россия), С.Кацив (Исроил) ва Р.Кайков (АҚШ) ва лойиҳа продюссери ва ғоя муаллифи К.Хўжаёровга ўз миннатдорчиликларини изҳор этдилар.

Ўзбекистон Миллий кутубхонаси матбуот хизмати

КУТУБХОНА ТАВСИЯ ЭТАДИ
ТАҚВИМ