Бош саҳифа > ЯНГИЛИКЛАР > Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Аждодлар хотираси - муқаддасдир” мавзусида библиографик шарх ва кўргазма

Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Аждодлар хотираси - муқаддасдир” мавзусида библиографик шарх ва кўргазма
23.08.2019

2019 йил 23 август куни Ўзбекистон Миллий кутубхонаси “Тафаккур” ўқиш залида Қатағон қурбонларини ёд этиш куни муносабати билан библиографик шарҳ ҳамда “Аждодлар хотираси - муқаддасдир” деб номланган китоб-расмли кўргазма очилди. Кўргазмада қатағон қурбонларининг аянчли тақдирлари ҳақида ҳикоя қилувчи китоблар тақдим этилган.

 

Библиографик шарҳни Ўзбекистон Миллий кутубхонаси нашриёти муҳаррири Даврон Мансуров олиб борди. “Халқимизнинг минглаб фидойи ва матонатли ўғил-қизларининг қаҳрамонликларини ёд этиш, ҳақиқат ва адолатни тиклаш, замондошларимиз, хусусан, ўсиб келаётган ёш авлод қалби ва онгида ўтганлар хотирасига ҳурмат ва эҳтиром туйғусини тарбиялаш, истиқлол йилларида миллий қадриятларни тиклаш, тарихимизни холис ва ҳаққоний ўрганиш, ноҳақ унутилган тарихий сиймолар хотирасини эъзозлаш, маданиятимиз ва санъатимиз ривожига ҳисса қўшган ижодкорлар фаолиятини, уларнинг бой маънавий меросини тадқиқ этиш, тарғиб ва ташвиқ қилиш, тарихий адолатни қарор топтириш мақсадида 2001 йилдан буён хар йили  31 август Қатағон қурбонларни ёд этиш куни сифатида нишонланиб келинмоқда”, - дея маълумот берди Д.Мансуров.

 

Эл-юртимиз озодлиги йўлида қурбон бўлганларнинг номларини қайта тиклаш, хотирасини абадийлаштириш мақсадида пойтахтимизда “Шаҳидлар хотираси” ёдгорлик мажмуида “Қатағон қурбонлари хотираси” музейи бунёд этилди. Ҳозирги кунда мустамлакачилик даврида миллий истиқлол ва тараққиёт йўлидаги интилишлари учун ноҳақ жабр кўрган ватандошларимизнинг исм-шарифларини аниқлаш, таржимаи ҳоллари ва фаолиятларини ўрганиш, уларнинг хотираларини абадийлаштириш мақсадида катта ишлар амалга оширилмоқда.

 

Мазкур кўргазмада халқимиз озодлиги йўлида қурбон бўлганларнинг аянчли ҳаёти ҳақида ҳикоя қилувчи “Қатағон қурбонлари”, “Мустабид тузумнинг Ўзбекистон Миллий бойликларини талаш сиёсати: тарих шоҳидлиги ва сабоқлари”, “Тарихнинг номаълум саҳифалари”, “Қишлок фожеаси”, “Туркистон жадидчилик ҳаракати тарихидан”, “Истиқлол йўлида шаҳид кетганлар”, “Халк хотираси олдида бош эгамиз” каби китоблар, Абдулла Қодирий, Абдурауф Фитрат, Абдулҳамид Чўлпон, Файзулла Хўжаев, Мунаввар Қори Абдурашидхонов, Вадуд Маҳмуд, Абдулла Авлоний каби жадидчилик ҳаракати вакиллари, маданият арбоблари ва ўзбек зиёлилари хотирасига бағишланган китоблар ҳамда бадиий асарлар ўрин олган.  

Ўзбекистон Миллий кутубхонаси матбуот хизмати

КУТУБХОНА ТАВСИЯ ЭТАДИ
ТАҚВИМ