Бош саҳифа > ЯНГИЛИКЛАР > Ўзбекистон Миллий кутубхонасида Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 28 йиллиги муносабати билан “Мустақиллик-энг улуғ неъмат” номли давра суҳбати

Ўзбекистон Миллий кутубхонасида Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 28 йиллиги муносабати билан “Мустақиллик-энг улуғ неъмат” номли давра суҳбати
23.08.2019

Ўзбекистон Миллий кутубхонасида Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 28 йиллиги муносабати билан “Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон!” шиори остида бир қатор маънавий-маънавий тадбирлар ташкил этмоқда. Булар: “Ўзбекистон-жонажон юртим!” деб номланган кўргазма, “Родина моя – Узбекистан” рус тилида, “Ўзбекистон жаҳон ҳамжамиятида” ўзбек тилида фильм намойиши, "Мустақиллик-энг улуғ неъмат” мавзусида давра суҳбати ва бошқалар.

 

2019 йил 23 август куни Ўзбекистон Миллий кутубхонасида Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 28 йиллиги муносабати билан “Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон!” шиори остида “Мустақиллик-энг улуғ неъмат” номли давра суҳбати ва “Ўзбек ёшлари ва хорижий таълим” деб номланган китоб тақдимоти ўтказилди.  Тадбирда тарих фанлари доктори, профессор Зияева Доно Хамидовна ҳамда тарих фанлари бўйича фалсафа доктори, Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи катта илмий ходим Ирзаев Бахром Шаймаматовичлар ўз маърузалари билан иштирок этдилар.

 

Тарих фанлари доктори, профессор Д.Зияева мустақиллик неъматлари ҳақида гапирар экан, республикамиз мустақиллик йилларида эришган ютуқларни алоҳида эътироф этди, мустақиллик эълон қилингунига қадар мамлакатда ҳукм сурган иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий аҳволни ёдга олди. Шунингдек у республикамизнинг гуллаб-яшнаши, унда барқарорлик ва осоишталикни таъминлаш борасида амалга оширилаётган ижобий ўзгаришлар ва ислоҳотлар ҳақида сўзлади. “Мустақиллик йилларида ҳаётимизнинг барча жабҳаларида мамлакатимиз катта зафарларга эришди, иқтисодиёт ўз шахсий модернизация модели ва мавжуд салоҳияти асосида ривожланди. Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар инсонларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, улар учун қулай яшаш шароитларини яратишга қаратилган. Мустақиллик шарофати билан Ўзбекистон иқтисодиётда, ички ва ташқи сиёсатда  дадил қадамлар босди, юзлаб ишлаб-чиқариш объектлари фойдаланишга топширилди, янгидан-янги завод ва фабрикалар ишга тушмоқда, йирик энергетик объектлар, автомобиль ва темир йўл транспорт системалари, турар жой бинолари ва ижтимоий иншоотлар қурилмоқда. Бугунги кунда Ўзбекистоннинг мувафақиятлари халқаро нуфузли институтлар ва жаҳон ташкилотлари томонидан юксак баҳоланиб келмоқда”, - деди Д.Зияева.

 

Давра суҳбати доирасида тарих фанлари бўйича фалсафа доктори, Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи катта илмий ходими Б.Ирзаевнинг “Ўзбек ёшлари ва хорижий таълим” монографияси тақдимоти бўлиб ўтди.

“Ўзбек ёшлари ва хорижий таълим” монографияси муаллифи Б.Ирзаев илмий изланишларининг халқимиз тарихининг энг хасратли ва мустамлакачилик даври, мустабид тузуми ҳақида ҳикоя қилишини айтди. “Бу китобда архив ва матбуот материаллари орқали жараённинг асл манзарасини очиб беришга ҳаракат қилинган. Бунда китобхонлар эътиборига XX аср ўзбек миллий матбуотининг “Иштирокиюн”, “Туркистон”, “Фарғона”, “Зарафшон”, “Озод Бухоро” газеталари ва “Армуғон”, “Билим ўчоғи”, “Ер юзи”, “Маориф ва ўқитувчи” журналлари саҳифаларида чоп этилган мақола ва хабарлар асл ҳолатда – ўзгартириш ва тушунтиришларсиз ҳавола этилган. Китобдаги кўпгина суратлар ундаги мақола ва хабарлар сингари илк бор эълон қилинмоқда”, - деди муаллиф.

Давра суҳбати иштирокчилари маърузачиларга ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилдилар ва ташкилотчиларига миннатдорлик билдирдилар.

Ўзбекистон Миллий кутубхонаси матбуот хизмати

КУТУБХОНА ТАВСИЯ ЭТАДИ
ТАҚВИМ