Бош саҳифа > ЯНГИЛИКЛАР > Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Аваз Ўтар – халқпарвар шоир” деб номланган китоб-расмли кўргазма очилди

Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Аваз Ўтар – халқпарвар шоир” деб номланган китоб-расмли кўргазма очилди
02.08.2019

2019 йил 2 август куни  “Ўзбекистон” ўқиш залида ўзбек маърифатпарвар шоири Аваз Ўтар таваллудининг 135 йиллиги муносабати билан “Аваз Ўтар – халқпарвар шоир” деб номланган китоб-расмли кўргазма очилди. Кўргазмада буюк маърифатпарвар шоири Аваз Ўтар ҳаётидан, унинг илм-маърифат йўлидаги жонбозликларидан гувоҳлик берувчи далиллар, хотиралар ва унинг қаламига мансуб асарлар ўрин олган.

Аваз Ўтар ўғли 1884 йилнинг август ойида Хива шаҳрида, сартарош оиласида дунёга келди. Аваз дастлаб мактабда, кейин эса Мадамин Иноқ мадрасасида таҳсил олади. Авазнинг адабиётга ҳаваси жуда эрта уйғониб, мадрасада ўқиб юрган давридаёқ Шарқ адабиёти мумтоз вакилларидан Ҳофиз Шерозий, Абдураҳмон Жомий, Лутфий, Алишер Навоийларнинг ижоди билан якиндан танишди ва уларга эргашиб машқий шеърлар ёза бошлади. Аваз тез орада халқ ўртасида танилиб, шеърлари созанда ва хонандалар томонидан куйга солиниб қўшиқ бўлиб айтила бошланади.

Шоир ижоди жуда ҳам ранг-баранг бўлиб, қамрови ниҳоятда кенг эди. У мумтоз адабиётимиздаги ғазал, мухаммас, мустазод, мусамман, мураббаъ, муламмаъ, таржеъбанд, соқийнома, рубоий, қитъа, фард каби турларида ижод қилди. Аваз Ўтарнинг Фузулий, Мунис, Огаҳий, Комил, Феруз ва бошқа шоирларнинг ғазалларига боғланган тахмислари ҳақида ҳам шу хилдаги фикрларни айтиш мумкин. Маърифатпарварлик ғояларини кенг тарғиб этиш Аваз Ўтар ижодига хос хусусиятлардан биридир. Бу унинг «Тил», «Мактаб», «Халқ», «Фидоий халқим», «Топар экан қачон?» деган шеърларида яққол кўринади.

Аваз Ўтар ниҳоятда қисқа умр кўрди. Унинг бу қисқа умри ҳам машаққатлар, фожеалар билан ўтди. У 1919 йилда 36 ёшда вафот этди.

Ўзбекистон Миллий кутубхонаси матбуот хизмати

КУТУБХОНА ТАВСИЯ ЭТАДИ
ТАҚВИМ