Бош саҳифа > ЯНГИЛИКЛАР > «Мовий жомадон» акциясининг навбатдаги сайёр тадбири Халқаро шахмат кунига бағишланди

«Мовий жомадон» акциясининг навбатдаги сайёр тадбири Халқаро шахмат кунига бағишланди
18.07.2019

2019 йил 18 июль куни Ўзбекистон Миллий кутубхонасининг «Мовий жомадон» сайёр акцияси Халқаро шахмат куни доирасида ёзги мактаб лагерига ва мактабгача таълим муассасасига ташриф буюрди. Ўқиш заллари хизмати мутахассислари Юнусобод туманидаги 86-сонли умумтаълим мактабнинг ёзги лагерида ҳордиқ олаётган болалар ва 35-сонли “Шодлик” мактабгача таълим муассасаси табияланувчилари ҳузурига электрон ускуналар ва шахмат ўйинлари билан тўлдирилган Мовий жомадон билан келдилар.

Кутубхона мутахассислари болажонлар билан қурган суҳбат чоғида уларнинг шахмат ўйнашни, унинг тарихини билишлари ҳамда қандай спорт турлари билан шуғулланишлари билан қизиқдилар. Ўқувчилар билан ушбу қадимий интеллектуал ўйинга бўлган қизиқишни ўстириш, шахмат тарихи ва унга тааллуқли қизиқарли маълумотлар билан таништириш, болалар дунёқарашини кенгайтириш, мантиқий фикрлашни ўргатиш ва қизиқишни ривожлантириш, шунингдек, уларни ўзини тута билиш ва хайрихоҳлик хислатларини шакллантиришга қаратилган викторина ўтказилди.

Шахмат тарихи ҳақида қисқача сўзлаб бергач, кутубхона мутахассислари болажонларга шеърий топишмоқлар бердилар, шахмат ва шахмат ўйини хусусида қайси адабий асарларда тилга олинганини сўрадилар. Викторина давомида иштирокчилар қўлларини халтага солиб, ичида қўлларига илинган шаҳмат донасини номини айтишлари ва аксинча бошловчи таърифлаган шахмат донасини халтанинг ичига қарамаган ҳолда топишлари керак бўлди. Ўта зукколар эса “шахмат мусобақаси” иборасидан янги сўзлар ясадилар.

Шунингдек ўқувчилар учун Халқаро шахмат кунига бағишланган виртуал кўргазма намойиш этилди.

35-сон “Шодлик” мактабгача таълим муассасасида кутубхона ходимлари болалар билан шахмат доналари билан таништирувчи ўйинлар ўйнадилар ва бу доналарнинг ўйинда тутган ўрни ҳақида сўзлаб бердилар. Болалар барча саволларга фаоллик билан жавоб бердилар ва шахматнинг ажойиб, саргузаштларга бой дунёси билан яқиндан танишдилар.

Тадбир иштирокчилари ўз таассуротлари билан ўртоқлашдилар ва ташкилотчиларга мазмунли ва қизиқарли учрашув учун миннатдорлик билдирдилар.

Ўзбекистон Миллий кутубхонаси матбуот хизмати

КУТУБХОНА ТАВСИЯ ЭТАДИ
ТАҚВИМ