Бош саҳифа > ЯНГИЛИКЛАР > Халқаро болаларни ҳимоя қилиш кунига бағишланган “Болалар – ҳаёт мазмуни, оила қувончи” деб номланган китоб-расмли кўргазма

Халқаро болаларни ҳимоя қилиш кунига бағишланган “Болалар – ҳаёт мазмуни, оила қувончи” деб номланган китоб-расмли кўргазма
01.06.2019

2019 йил 1 июнь куни Ўзбекистон Миллий кутубхонаси “Ўзбекистон” ўқиш залида Халқаро болаларни ҳимоя қилиш кунига бағишланган “Болалар – ҳаёт мазмуни, оила қувончи” деб номланган китоб-расмли кўргазма очилди.

Ҳар йилнинг 1 июнь куни Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни нишонланади. Ушбу сана 1949 йили Парижда Халқаро аёллар демократик конфедерацияси конгрессида қабул қилинган бўлиб, 1950 йилдан  нишонлана бошланган. Бу кун дунё бўйлаб болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларга нисбатан зўравонлик қилинишига қарши курашга бағишланган тадбирлар ўтказилади. Шунингдек, болалар учун байрам ва концертлар уюштирилади.

 “Болалар – ҳаёт мазмуни, оила қувончи” деб номланган китоб-расмли кўргазмада фойдаланувчиларни дунё болаларининг ҳаёти билан таништирувчи саргузашт асарлар, болалар учун ёзилган эртак, ҳикоя ва шеърий китоблар ўрин олган.

Ёш китобхонлар бу ерда тақдим этилган мард, қувноқ ва сахий қаҳрамонлар билан таништирувчи ва уларнинг саргузаштлари ҳақида ҳикоя қилувчи “Қуёнлар салтанати”, “Зумрад ва Қиммат”, “Аждар қуш”, “Донишманд вазир”, “Олтин тарвуз”, “Садоқатли Сита”, “В некотором царстве”, “Восточный мир сказок”, “Уч оғайни ботирлар”, “Сеҳрли шамчироқ” эртак китоблари билан танишсалар, саргузашт ҳикоялар ихлосмандлари “Ширин қовунлар мамлакатида”, “Сариқ девни миниб”, “Ўқ ўтмас болакай”, “Зангори гилам”, “Беш болали йигитча”, “Ўтмишдан эртаклар”, “Болалик” асарларидаги ўз тенгдошлари ҳаёти ва уларнинг бошидан кечирган саргузаштлари билан танишадилар. “Бола ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий асослари”, “Инсон ҳуқуқлари” китоблари тарбиявий аҳамиятга эга ҳикоялар ва ўгитлари билан ёш авлод тарбиясида тарбиячилар, мураббийлар, ўқитувчилар, қолаверса, ота-оналарга бола тарбиясида кўмаклашади, “Энциклопедия для детей” (Болалар энциклопедияси), “Большая детская энциклопедия” (Болалар катта  энциклопедияси), “Астрономия ва коинот”  сериясидан  чоп этилган китоблар эса болалар билимларини бойитишга, уларни дунёнинг, фаннинг сир-синоатларидан, янгиликларидан бохабар этишга хизмат қилади.

Халқаро болаларни ҳимоя қилиш кунига бағишланган “Болалар – ҳаёт мазмуни, оила қувончи” деб номланган китоб-расмли кўргазмасига ташриф буюрган фойдаланувчилар ҳозирда болалар учун нашр этилаётган янги китоблар билан танишиш, ўзлари севган эртак китобларини варақлаб, беғубор болалик дунёсига саёҳат қилишлари мумкин.

Ўзбекистон Миллий кутубхонаси матбуот хизмати

КУТУБХОНА ТАВСИЯ ЭТАДИ
ТАҚВИМ