Бош саҳифа > ЯНГИЛИКЛАР > Халқаро илмий-амалий анжуман иштирокчиларининг Ўзбекистон Миллий кутубхонасига ташрифи

Халқаро илмий-амалий анжуман иштирокчиларининг Ўзбекистон Миллий кутубхонасига ташрифи
16.05.2019

2019 йилнинг 16 май Ўзбекистон Миллий кутубхонасига “Чингиз Айтматов ва қирғиз-ўзбек адабий алоқалари” Халқаро илмий-амалий анжумани иштирокчилари ташриф буюрди. Ташриф доирасида меҳмонларни Ўзбекистон Миллий кутубхонасининг фаолияти, имкониятлари ва ривожланиш истикболлари билан  таништирувчи экскурсия ташкил этилди.

Эксурсия давомида меҳмонларга кутубхона тарихи ва бугуни, бу ерда фойдаланувчилар учун яратилган шарт-шароитлар, электрон базани яратиш жараёнида қўлланиладиган илғор информацион технологиялар, Миллий кутубхонанинг халқаро алоқалари ҳақида маълумот берилди. Кутубхона бўйлаб қилинган экскурсия чоғида меҳмонлар китоб музейи, кўргазмалар, мультимедия ва электрон залларни кўздан кечирдилар. Делегация аъзолари ўқув залларини айланиб чиқар экан, у ердаги замонавий мультимедия ускуналари билан жиҳозланган махсус залларни томоша қилди, китоб фондининг жойлашиши ва сақланиши учун яратилган шарт-шароитлар билан қизиқдилар. Меҳмонлар қўлёзмалар, нодир ва алоҳида қимматга эга нашрлар бўлимига ҳам ташриф буюрдилар. Бу ерда улар кутубхона фондларида сақланаётган қирғиз халқи тарихига оид қадимий литографик ва босма нашрлар, хариталар, ноёб китоблар билан ҳам танишдилар.

Ташриф доирасида қирғиз делегацияси ва Ўзбекистон Миллий кутубхонаси вакиллари ўртасида давра суҳбати бўлиб ўтди. Давра суҳбатида ўзбек-қирғиз дўстлиги, адабий алоқалари истиқболи ҳамда халқлар ўртасидаги маданий-гуманитар соҳада ўзаро ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди. Қирғизистон Республикаси Фанлар академиясининг Ч.Айтматов номидаги тил ва адабиёт институти директори А.Акматалиев Ўзбекистон Миллий кутубхонасига Қирғизистон халқ ёзувчиси Чингиз Айтматовнинг 5 жилдлик асарлар тўпламини ва унинг Ўзбекистон бўйича ижодига бағишланган библиографик кўрсаткични ҳадя этди.

Ташриф сўнгида меҳмонлар дўстона қабул учун миннатдорлик билдирдилар ва Ўзбекистон Миллий кутубхонасининг янада тараққий этишига тилак билдирдилар.

Ўзбекистон Миллий кутубхонаси матбуот хизмати

КУТУБХОНА ТАВСИЯ ЭТАДИ
ТАҚВИМ