Бош саҳифа > ЯНГИЛИКЛАР > Ўзбекистон Миллий кутубхонасида Хотира ва Қадрлаш кунига бағишланган “Аждодларни хотирлаш – муқаддас қадрият” деб номланган тадбир

Ўзбекистон Миллий кутубхонасида Хотира ва Қадрлаш кунига бағишланган “Аждодларни хотирлаш – муқаддас қадрият” деб номланган тадбир
07.05.2019

2019 йил 7 май куни Ўзбекистон Миллий кутубхонасида Хотира ва Қадрлаш кунига бағишланган “Аждодларни хотирлаш – муқаддас қадрият” деб номланган тадбир бўлиб ўтди. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги билан ҳамкорликда, “Комил инсон – миллат келажаги” ижодий гуруҳи томонидан ташкил этилган тадбир ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, ёш ходимлар ўртасида маънавий-ахлоқий муҳитни янада кучайтиришга қаратилган.

 

Мамлакатимизда Хотира ва Қадрлаш кунини, Иккинчи жаҳон урушининг ҳар бир қатнашчиси, фронт орти меҳнат фахрийлари ҳамда мустақиллик йилларида хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг хотираси олдида ҳурмат бажо келтириш, юртимизда меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик, инсонийлик, бағрикенглик ва хайр-саховат муҳитини янада мустаҳкамлаш, ёш авлодни миллий анъаналаримизга садоқат ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида камол топтириш ҳамда бу муқаддас айёмни юксак савияда нишонлаш мақсадида жуда кўплаб ишлар амалга оширилмоқда. Бунинг биргина мисолини яқинда  Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Хотира ва қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4298-сонли қарори имзоланиб, ушбу кунни кўтаринки руҳда ўтказиш, халқимиз айниқса ёшларимизни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш учун жойларда турли маданий-маърифий тадбирлар, учрашувлар ўтказилаётганида кўришимиз мумкин.

 

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси ўринбосари Нуриймон Абулҳасан, Ўзбекистон халқ артисти Гавҳар Зокирова, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Обиддин Маҳмудовлар иштирок этишди.

Аждодлар хотираси –муқаддас бурчимиз эканлиги ҳақида эслатиб ўтар экан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси ўринбосари Нуриймон Абулҳасан, ҳар бир инсон ўз аждодларини, юртимиздан ўтган буюк алломаларимизни, комил шахсларни таниши улар билан фахрланиши кераклигини таъкидлади.

 

Ўзбекистон халқ артисти Гавҳар Зокирова ўтганларни, уларнинг хайрли ишларини, жасоратини ёдга олмоқ, эъзозламоқ халқимизга хос эзгу фазилатларданлигини эътироф этган ҳолда Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган минглаб юртдошларимиз хотирасини ёд этиб, уларнинг қаҳрамонликларини тилга олди. “Менинг отам ҳам Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси бўлганлар. Улар мен учун қаҳрамон эдилар. Бундай тадбирларнинг ўтказилиши халқимиз онги шуурига тобора чуқурроқ сингиб бормоқда ва қалбларга ёруғлик олиб кириши билан бир қаторда ёш авлодни ватанпарварлик, инсонпарварлик руҳида тарбиялашда, маънавиятимизни юксалтиришда муҳим аҳамият касб этмоқда”, - дея ўз сўзини мухтасар қилди Г.Зокирова.  

 

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Обиддин Маҳмудов ёшларни юртимизда ҳукм сураётган, энг катта бойлигимиз бўлмиш тинчлик ва осойишталик, меҳр-оқибат, ўзаро ҳурмат, миллатлараро тотувликда яшашнинг қадрига етишга чақирди. “Инсон, миллат ва халқ тарихий хотираси туйғуси билан барҳаётдир. Хотира – кечаги ўтмишни, аждодлар ўгитини, миллий меросимизни англатиб турувчи – муқаддас китоб зарварақларидек ҳаётимизни ёритиб туради. Қадр – инсонни юксакликка кўтаради, унинг фаолиятига, орзу-интилишларига, мақсад-маслакларига олижаноблик бағишлайди.   Букилмас ирода ва жасорат намунасини амалда намоён этиб, ўз ҳаётини азиз Ватанимизнинг ҳар томонлама равнақ топиши, бугунги тинч ва осойишта кунлар учун жонини фидо қилган аждодларнинг муқаддас хотирасини ёд этиб, эзгу ишларини давом эттириш, сафимизда юрган кексаларни эъзозлаш – одамийликнинг энг олий мезони ва бизга тинчлик, омонлик керак, деб яшайдиган бағрикенг ва олижаноб халқимизга хос азалий қадриятдир”, - деди О.Маҳмудов.            

Тадбирда иштирокчилар эътиборига Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси О.Маҳмудов қаламига мансуб “Фарзанднома” китобига ишланган видео лавҳалар ва оташқалб адиб Чўлпон ҳаётига бағишланган “Кундузсиз кечалар” спектаклидан парча намойиш этилди. 

Ўзбекистон Миллий кутубхонаси матбуот хизмати

КУТУБХОНА ТАВСИЯ ЭТАДИ
ТАҚВИМ