Бош саҳифа > ЯНГИЛИКЛАР > Ўзбекистон Миллий кутубхонасида Ўзбекистон Республикасининг “Электрон ҳукумат тўғрисида”ги Қарори билан таништиришга бағишланган семинар бўлиб ўтди

Ўзбекистон Миллий кутубхонасида Ўзбекистон Республикасининг “Электрон ҳукумат тўғрисида”ги Қарори билан таништиришга бағишланган семинар бўлиб ўтди
22.01.2016

2016 йил 22 январ куни Ўзбекистон Миллий кутубхонасида Ўзбекистон Республикасининг “Электрон ҳукумат тўғрисида”ги Қарори билан таништиришга бағишланган семинар бўлиб ўтди. “Электрон ҳукумат” тизимини ривожлантириш маркази вакиллари ўтказган мазкур семинарда кутубхона хизмат раҳбарлари ва ходимлари иштирок этдилар.

 

"Электрон ҳукумат" тизимини ривожлантириш марказининг қонун ҳужжатларини ривожлантириш ва такомиллаштириш бўлими бошлиғи Дилбар Ҳолиқова 2015 йил 3 декабрда қабул қилинган, мақсади электрон ҳукумат cоҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат бўлган ушбу Қонуннинг моҳияти ва асосий вазифалари билан таништирди. Семинар иштирокчиларига РР-тақдимотида давлат органлари фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлиги, электрон давлат хизматларидан ариза берувчиларнинг тенг равишда фойдаланиши, «бир дарча» принципи бўйича электрон давлат хизматларини кўрсатиш, давлат органларининг ҳужжатларини бир хиллаштириш, электрон ҳукуматнинг ягона идентификаторларидан фойдаланиш, электрон давлат хизматлари кўрсатиш тартибини мунтазам такомиллаштириб бориш, ахборот хавфсизлигини таъминлаш каби электрон ҳукуматнинг асосий принциплари ҳақида кўргазмали равишда гапириб берди. Д.Ҳолиқова электрон ҳукумат соҳасини давлат томонидан тартибга солишда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ролини, Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг ва давлат органларининг ваколатини алоҳида санаб ўтди.

 

"Электрон ҳукумат" тизимини ривожлантириш марказининг етакчи мутахассиси Азизжон Азимов электрон ҳукуматнинг ахборот ва интерактив давлат хизматлари кўрсатиш каби турлари, унинг ягона реестри ва электрон давлат хизматларига доир талаблар тўғрисида маълумот берди. Шунингдек, А.Азимов давлат очиқ маълумотлари портали орқали давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари очиқлигини таъминлаш, электрон ҳукумат ишининг ташкил этилиши, унинг инфратузилмаси, марказий маълумотлар базаси, идоралараро электрон ҳамкорлик қилиш тизими, давлат органларининг ахборот тизимлари ва ахборот ресурслари ҳақида атрофлича тушунча берди. 

 

"Электрон ҳукумат" тизимини ривожлантириш марказининг вакиллари марказ томонидан олиб борилаётган lex.uz, E-xat, NIS.UZ, КСБТ, ЭСТАТ, солиқ тўловчилар портали, тадбиркорларнинг ахборот портали ва бшқ. каби  амалдаги лойиҳалар ва марказнинг архитектураси, яхни ишлаш тизими билан таништирди.

Семинар қатнашчилари ўзларини қизиқтирган барча саволларга жавоб олдилар, “Электрон ҳукумат тўғрисида”ги Қарори билан таништиришга бағишланган интерфаол семинар ташкилотчиларга ўз миннатдорчиликларини билдирдилар.

 

Ўзбекистон Миллий кутубхонаси матбуот хизмати

КУТУБХОНА ТАВСИЯ ЭТАДИ
ТАҚВИМ