Бош саҳифа > ЯНГИЛИКЛАР > Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Central Asia – 2019”: Фан, таълим, маданият ва бизнесда интернет ва ахборот-кутубхона ресурслари” XIII Халқаро конференциясига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди

Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Central Asia – 2019”: Фан, таълим, маданият ва бизнесда интернет ва ахборот-кутубхона ресурслари” XIII Халқаро конференциясига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди
22.04.2019

2019 йил 22 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида “Central Asia – 2019”: Фан, таълим, маданият ва бизнесда интернет ва ахборот-кутубхона ресурслари” XIII Халқаро конференциясига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди. Анжуманда Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ходимлари, Ўзбекистон Миллий кутубхонаси раҳбар ва мутахассислари ҳамкор вазирлик ва идоралар вакиллари ҳамда ОАВ ходимлари иштирок этдилар.

Ўзбекистон Миллий кутубхонаси директори У.Тешабаева тадбир иштирокчиларини қутлади ва уларга конференциянинг моҳияти, мақсади, вазифалари ҳамда конференция тарихи ва ҳозирги нуфузи ҳақида алоҳида тўхталди. “Конференция ташкил этилган илк даврларда 7-8 нафар хорижий мутахассислар иштирок этган бўлса, ҳозирги кунда улар сони 25-30 нафарга етди. Конференциянинг ҳар йили турли вилоятларда ўтказилиши ўша вилоят ахборот-кутубхона соҳасининг жонланишига ва янада ривожланишига олиб келади. Бу йилги конференцияда 400 дан зиёд мутахассислар, улардан 26 та хорижий мутахассислар  иштирок этиши кутилмоқда. Маҳаллий мутахассислардан 80дан зиёд мақолалар келиб тушди. Улар конференция дастури ва конференция тўпламидан ўрин олади”, - деди У.Тешабаева.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Китоб савдоси ва ахборот-кутубхона ресурслари бўлими раҳбари В.Ҳамидов матбуот анжуман иштирокчиларини қутлади ва ҳалқаро конференциянинг долзарблиги ҳақида тўхталиб ўтди. “Мазкур конференция Ўзбекистон Республикаси Президенти Сирдарё вилояти тажрибасида илгари сурган 5 ташаббуснинг тўртинчисига, яъни аҳоли, айниқса, ёшлар маънавиятини юксалтириш, улар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилишга ҳамоҳанг бўлиб, фан, таълим, маданият ва бизнес соҳаларида электрон ахборот ресурсларни ривожлантириш ва қўллашда ахборот-кутубхона муассасалари, ўқув юртлари, архивлар, музейлар ва бошқа ташкилотлар фаолиятининг ҳамжиҳатликда кўп йиллар самарали ҳамкорликда фаолиятларини кенгайтиришдан, кутубхоналар ишининг муаммолари, уларнинг инновацион ривожланиш йўлларини излашни мақсад қилиб олган”, - деди у.

Тошкент шаҳар “Билим” ахборот-кутубхона маркази директори Ҳ.Каримова мазкур конференцияни таърифлар экан, уни соҳа тараққиётидаги аҳамиятини эътироф этди. “Ҳалқаро конференцияда ҳар бир мутахассиснинг фикри ва ташаббуси тингланади, муаммолар ечимини топади.”, - деди Ҳ.Каримова.

Ўзбекистон Фанлар академияси фундаментал кутубхонаси директори З.Бердиева конфенренциянинг мавқеи ва республикада соҳа ривожида тутган ўрнини таъкидлар экан, деди: “Конференция – бу маслакдош дўстлар учрашуви, тажриба алмашиш, малака ошириш майдонидир. Бунда нафақат мутахассилар, балки бошқа соҳа вакиллари, ота-оналар учун ҳам кўп фойдали маълумотлар мавжуд. Чунки китоб ўқиш ва мутолаа маданияти уйда, таълим муассасаларида шакллантирилади. Кутубхона эса мутолаа учун барча шароитларни тақдим этади”.

Шунингдек матбуот анжуманида хорижлик меҳмонлар АҚШ Орегон штати Портленд шаҳри кутубхона жамғармаси ижрочи директори Меррис Сумралл, Қозоғистон Миллий кутубхонаси Нодир китоблар ва қўлёзмалар хизмати раҳбари Толкын Замзаевалар иштирок этдилар ва конференцияда соҳада мавжуд долзарб муаммолар таҳлил қилиниши, тажрибалар алмашиниши, истиқболдаги режалар белгилаб олиниши ва ҳамкорликда фаолият юритилиши аҳамиятли эканини таъкидлаб ўтдилар.

Матбуот анжуманида журналистлар томонидан кутубхоначилик соҳасида уларни қизиқтирган бир қанча саволлар берилиди ва улар Миллий кутубхона директори томонидан тўлиқ қониқарли жавоблар олдилар.

Матбуот анжумани иштирокчилари ташкил этилажак шўъбалар, хорижий иштирокчилар таассуротлари билан танишиш имкониятлари ва бошқа ўзларини қизиқтирган барча саволларга жавоб олдилар ва ташкилотчиларга омад тиладилар.

Ўзбекистон Миллий кутубхонаси матбуот хизмати

КУТУБХОНА ТАВСИЯ ЭТАДИ
ТАҚВИМ