Бош саҳифа > ЯНГИЛИКЛАР > Ўзбекистон Миллий кутубхонасида Миллий умумтаълим электрон кутубхонасининг тантанали очилиш маросими

Ўзбекистон Миллий кутубхонасида Миллий умумтаълим электрон кутубхонасининг тантанали очилиш маросими
18.04.2019

2019 йил 18 апрель куни Ўзбекистон Миллий кутубхонасида Миллий умумтаълим электрон кутубхонасининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Тадбирда LG CNS компанияси, Жанубий Кореянинг экспорт-импорт банки, Жанубий Кореянинг Ўзбекистондаги элчисихонаси вакиллари, Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири ўринбосари Б.Олматов, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги департамент мудири Д.Саиджонов, Ўзбекистон Миллий кутубхонаси ва унинг тасарруфидаги Ахборот-кутубхона марказлари раҳбарлари ва ОАВ ходимлари иштирок этдилар. 

Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Миллий умумтаълим электрон кутубхона”си (UZNEL) лойиҳаси 2013 йил 17 декабрдаги “Корея Республикасининг иқтисодий тараққиёт ва ҳамкорлик Фондининг молиявий кўмагида “Миллий умумтаълим электрон кутубхона” лойиҳасини биринчи навбатда амалга ошириш бўйича чоралар тўғрисида”ги ПҚ-2088-сон, 2014 йил 17 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикасининг 2015 йил Инвестицион дастури тўғрисида”ги ПҚ-2264-сонли қарорнинг ижросини таъминлаш мақсадида, 2017 йил 14 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ва Жанубий Кореянинг LG CNS компанияси ўртасида имзоланган шартнома асосида амалга оширилди. Лойиҳа Жанубий Корея Республикасининг иқтисодий ривожланиш ва ҳамкорлик жамғармаси билан биргаликда амалга оширилди. “Миллий умумтаълим электрон кутубхона” лойиҳаси 1-босқичида Ўзбекистон Миллий кутубхонаси ва 20 та вилоят кутубхоналарини ўзаро боғлаб ягона маълумот алмашинувини йўлга қўйиш кўзланган бўлса, келажакда Ўзбекистон ҳудудида жойлашган 200 та кутубхонани ўз ичига олиши режалаштирилмоқда.

Миллий умумтаълим электрон кутубхонасининг тантанали очилиш маросимида LG CNS компанияси президенти Ким Ён Соб сўзга чиқиб, барчани ушбу лойиҳанинг ишга туширилиши билан қутлади ва унинг узоқ вақтлар аҳолининг мутолаага бўлган қизиқишини ривожлантириш ва Ўзбекистонда китобхонлик маданиятини оммалаштиришда хизмат қилишига умид билдирди. “Ҳозирги кунда дунёда барқарор ривожланиб бораётган Ўзбекистонда нафақат иқтисодий балки маънавий ривожланишга катта эътибор қаратилаётгани сир эмас.  Миллий умумтаълим электрон кутубхонасини яратиш лойиҳаси ўзбек-корейс иқтисодий ҳамкорлигининг устувор лойиҳаларидан бири ҳисобланади. Фурсатдан фойдаланиб, лойиҳанинг вужудга келишида хайрихоҳлик қилган, мазкур лойиҳага бўлган қизиқишлари ва унинг тадбиқ этилишига ўз хиссасини қўшган  барчага ўз миннатдорчилигимни билдираман”, -деди у.

Жанубий Кореянинг экспорт-импорт банки раиси Инг Сон Со тадбир иштирокчиларини Миллий умумтаълим электрон кутубхонаси очилиши билан қутлади ҳамда  унинг моҳияти ва мақсади билан таништирди. “Лойиҳанинг асосий мақсади жамоатчиликда электрон ахборот ресурсларидан фойдаланишни ошириш, ахборот-кутубхона муассасаларини ягона электрон кутубхона тизимига улаш билан бирга, аҳоли билим савияси ва сифатини оширишдан иборат. Миллий умумтаълим электрон кутубхонаси электрон кутубхона, рақамлаштириш ва сканерлаш маркази ҳамда мультимедиа марказидан иборат. Миллий умумтаълим электрон кутубхонаси Ўзбекистонда нафақат ахборот-кутубхона соҳаси, балки ахборот-коммуникация технологиялари ривожланишида ҳам ўз хиссасини қўшишига ишонамиз”.

Ўзбекистон Миллий кутубхонаси директори У.Тешабаева меҳмонларни қутлади ва унинг ташкил этилишида ўз хиссасини қўшганларга миннатдорлик изҳор этди. “Бу лойиҳа нафақат Ўзбекистон Миллий кутубхонаси лойиҳаси, балки 20 йирик ахборот-кутубхона муассасаларини бирлаштирган, республика миқёсида илк жорий этилган электрон кутубхонасидир. Миллий умумтаълим электрон кутубхонасининг тамал тоши 2018 йилда қўйилган бўлса-да, унга аъзо бўлган ахборот-кутубхона муассасаларини ўрганиш, уларнинг имкониятлари билан танииш ишлари анча аввал бошланган. Бугун электрон кутубхонаси очилиши маросимида унинг ташкил топиши ва фаолиятини бошлашида бизни қўллаб-қувватлаган давлатимиз раҳбарларига, Корея давлатидан келган  мутахассисларга, барча ҳамкор ташкилотлар ва корхоналарга чексиз ташаккуримизни билдирмоқчиман. Миллий умумтаълим электрон кутубхонаси Ўзбекистон Республикаси  Президенти Шавкат Мирзиёевнинг илгари сурган беш ташаббуснинг тўртинчиси, яъни аҳоли, айниқса, ёшлар маънавиятини юксалтириш, улар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш ташаббусига ҳамоҳанг бўлиб, аҳоли ва ёшлар ўртасида китобхонлик маданиятини тарғиб қилиш, уларнинг интеллектуал салоҳиятини оширишга ҳизмат қилишига ишонаман”, - дея ўз сўзини якунлади У.Тешабаева .

Маросимдан сўнг иштирокчилар фойдаланувчиларга замонавий, сифатли ва тезкор хизмат кўрсатиш мақсадида ташкил этилган Миллий умумтаълим электрон кутубхонаси - мультимедиа ўқув заллари, видео ҳудуд, имконияти чекланган фойдаланувчилар учун махсус жойлар, рақамлаштириш маркази, аудио ва видео студиялар билан яқиндан танишдилар.

Тадбир сўнгида 20та ахборот-кутубхона муассасасига сертификатлар топширилди. Шунингдек, лойиҳа доирасида мазкур муассасалар сканер ускунаси ва жихозлари билан таъминланиши айтилди.

Ўзбекистон Миллий кутубхонаси матбуот хизмати

КУТУБХОНА ТАВСИЯ ЭТАДИ
ТАҚВИМ