Бош саҳифа > ЯНГИЛИКЛАР > Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Мехр қолур, муҳаббат қолур” деб номланган хотира кечаси бўлиб ўтди

Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Мехр қолур, муҳаббат қолур” деб номланган хотира кечаси бўлиб ўтди
18.04.2019

2019 йил 18 апрель куни Ўзбекистон Миллий кутубхонасида Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф таваллудининг 65 йиллигига бағишланган “Меҳр қолур, муҳаббат қолур” деб номланган хотира кечаси бўлиб ўтди. Тадбирда ёзувчи ва шоирлар, давлат идоралари ва ташкилотлари вакиллари, шоирнинг дўстлари ва қариндошлари, шунингдек, унинг ижоди иҳлосмандлари иштирок этдилар.

Тадбирни очиқ деб эълон қилар экан, Ўзбекистон Миллий кутубхонасининг ахборот-кутубхона фондларини комплектлаш хизмати раҳбари Н.Холдорова тадбир қатнашчиларини қутлади ва Ўзбекистон Миллий кутубхонасида ўтказилаётган тадбирлар моҳиятини айтиб ўтди. “Мазкур тадбирнинг мақсади ёшларимизни ХХ аср охири – ХХI аср бошидаги иқтидорли ўзбек шоири, Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф ижоди ва ҳаётий йўли билан таништириш ва келажак авлодга етказишда иборат”, деди у.

Тадбирда шунингдек, “Тонг юлдузи” газетаси мухаррири А.Каримов, "Муножот" ансамбили бадиий раҳбари А.Исхоқов, Халқаро олтин меърос хайрия жамоат фонди раиси А.Каримов, М.Юсуф рафиқаси, шоира Назира Ассалом, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоир Ш.Қурбон, ёзувчи  М.Ахмедова, Республика маънавият-маърифат маркази Юнусобод тумани бўлинмаси раҳбари А.Махкамовлар сўзга чиқдилар.

Сўзга чиққанлар Муҳаммад Юсуфнинг дастлабки шеърлари 1976 йилда «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» ҳафталигида босилганлиги ва шундан бошлаб республика матбуотида унинг шеър, очерк ва мақолалари мунтазам равишда чоп этила бошлаганлиги ҳамда ёш шоир ўзбек шеъриятининг ёрқин намояндалари Эркин Воҳидов ва Абдулла Ориповлар билан яқин адабий алоқаларда бўлиши унинг ижодий камолотига катта таъсир кўрсатганлиги ҳақида гапириб ўтдилар. Шунингдек унинг илк шеърлар китоби — «Таниш тераклар»,  «Булбулга бир гапим бор», «Илтижо», «Уйқудаги қиз», «Ҳалима энам аллалари», «Ишқ кемаси», «Кўнглимда бир ёр», «Бевафо кўп экан», «Ёлғончи ёр», «Эрка кийик» ва «Осмонимга олиб кетаман», “Улуғимсан, Ватаним”, “Сайланма”, “Халқ бўл элим” шеърий китоблари нашр этилганлиги ҳақида ёшларга маълумот бериб ўтдилар.

Тадбир доирасида Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуфнинг ҳаёти ва ижодига бағишланган китоб-расмли кўргазма очилди. Кўргазмада шоирнинг замондошлари ва ҳамкасбларининг хотиралари, газеталар ва журналлардан мақолалар, шунингдек шеърий тўпламлари ўрин олган.

Ўзбекистон Миллий кутубхонаси матбуот хизмати

КУТУБХОНА ТАВСИЯ ЭТАДИ
ТАҚВИМ