Бош саҳифа > ЯНГИЛИКЛАР > Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Соҳибқирон бобом – Амир Темур ўгитлари” мавзусида маънавий-маърифий тадбир

Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Соҳибқирон бобом – Амир Темур ўгитлари” мавзусида маънавий-маърифий тадбир
15.04.2019

2019 йил 15 апрель куни Ўзбекистон Миллий кутубхонасида Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 683 йиллиги муносабати билан “Соҳибқирон бобом – Амир Темур ўгитлари” мавзусида маънавий-маърифий тадбир ўтказилди. “Маънавият карвони” лойиҳаси доирасида ўтказилган мазкур тадбирда Республика Маънавият ва маърифат маркази вакиллари, Олмазор тумани халқ таълими ходимлари, Миллий гвардия Ҳарбий-техник институти ҳарбий хизматчилари, профессор-ўқитувчилари, курсантлари, Олмазор тумани маҳаллаларидаги ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар фарзандлари, умумий ўрта таълим мактаби ўқувчилари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.  

Тадбирдан кўзланган асосий мақсад ўсиб келаётган ёш авлод қалбида Соҳибқирон бобомиз Амир Темурга хос дунёқараши кенг, зеҳнли, юксак маънавиятли ворислар бўлиб етишиш, болалигиданоқ китобга меҳр уйғотиш, жаҳон бадиий ва илмий адабиётларнинг ноёб қимматини англаши ҳамда бўш вақтларини унумли ўтказиш асосида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчилик ҳолатлари профилактикасини амалга оширишдан иборатдир.

Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Ҳарбий-техник институти ректор ўринбосари М.Миракулов иштирокчиларини қутлади ва уларга тадбир моҳиятини очиб берди. “Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ёшларга эътиборни кучайтириш, ёш авлодни маданият, санъат, жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш, уларда ахборот технологияларидан тўғри фойдаланиш кўникмасини шакллантириш, ёшлар ўртасида китобхонликни тарғиб қилиш, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш масалаларига бағишланган видеоселекторда давлатимиз раҳбари ижтимоий, маънавий-маърифий соҳалардаги ишларни янги тизим асосида йўлга қўйиш бўйича 5 та муҳим ташаббусни илгари сурган эди. Мазкур ташаббуслардан бири ёшлар маънавиятини юксалтириш улар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш бўйича тизимли ишларни ташкил этишга йўналтирилган. Бугунги тадбир шу ташаббусларни ҳаётга татбиқ этиш доирасида бўлиб ўтмоқда”, - деди М.Миракулов.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Фан арбоби, юридик фанлари доктори, профессор Ҳ.Бобоев, Ўзбекистон Миллий университети доценти, тарих фанлари номзоди А.Одилов, Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Ҳарбий-техник институти доценти, филология фанлари номзоди, бобуршунос, қодирийшунос олим Т.Сайдалиевлар Амир Темурнинг мамлакат ва жаҳон тарихида тутган ўрни, унинг ҳаёти ва давлат бошқаруви фаолияти, унинг ҳар қандай мушкул вазиятдан чиқиб кета олиш заковати, мардлиги, жасорати, ватанпарварлиги, топқирлиги, темир иродаси ёш авлод учун ибрат, ҳаёт мактаби ва Ватанга садоқат намунасига айланганини эътироф этишди.

Тадбир сўнгида мактаб ўқувчилари орасида Амир Темур ҳаёти ва фаолиятига доир викторина ўтказилди. Викторина саволларига тўғри жавоб берган ўқувчилар китоблар билан тақдирландилар. Шунингдек, Олмазор туманидаги ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар фарзандлари Ўзбекистон Миллий кутубхонаси фондидан доимий фойдаланишлари учун аъзоликка қабул қилиндилар ва кутубхона бўйлаб экскурсия қилдилар.

Ўзбекистон Миллий кутубхонаси матбуот хизмати

КУТУБХОНА ТАВСИЯ ЭТАДИ
ТАҚВИМ