Бош саҳифа > ЯНГИЛИКЛАР > Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Қодирий абадияти” деб номланган хотира кечаси

СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР

24.04.2019 “Central Asia – 2019. ФАН, ТАЪЛИМ, МАДАНИЯТ ВА БИЗНЕСДА ИНТЕРНЕТ ВА АХБОРОТ-КУТУБХОНА РЕСУРСЛАРИ” XIII Халқаро конференциясининг ялпи мажлиси

24.04.2019 “Central Asia – 2019. ФАН, ТАЪЛИМ, МАДАНИЯТ ВА БИЗНЕСДА ИНТЕРНЕТ ВА АХБОРОТ-КУТУБХОНА РЕСУРСЛАРИ” XIII Халқаро конференцияси доирасида «UZNEL» дастурий таъминотида «Каталоглаштириш» модули бўйича тренинг бўлиб ўтди

24.04.2019 “Central Asia – 2019. ФАН, ТАЪЛИМ, МАДАНИЯТ ВА БИЗНЕСДА ИНТЕРНЕТ ВА АХБОРОТ-КУТУБХОНА РЕСУРСЛАРИ” XIII Халқаро конференцияси доирасида «UZNEL» дастурий таъминотида «Комплектлаш» модули бўйича тренинг бўлиб ўтди

24.04.2019 “Central Asia – 2019. ФАН, ТАЪЛИМ, МАДАНИЯТ ВА БИЗНЕСДА ИНТЕРНЕТ ВА АХБОРОТ-КУТУБХОНА РЕСУРСЛАРИ” XIII Халқаро конференцияси тантанали очилди

22.04.2019 Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Central Asia – 2019”: Фан, таълим, маданият ва бизнесда интернет ва ахборот-кутубхона ресурслари” XIII Халқаро конференциясига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди

Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Қодирий абадияти” деб номланган хотира кечаси
10.04.2019

2019 йил 10 апрель куни Ўзбекистон Миллий кутубхонасида Ўзбекистон ўзбек адабиётининг йирик номояндаларидан бири Абдулла Қодирий таваллудининг 125 йиллиги муносабати билан “Қодирий абадияти” деб номланган хотира кечаси бўлиб ўтди. Тадбирда  ёзувчилар ва шоирлар, адабиётшунос ва тилшунос олимлар, талабалар ва кутубхона фойдаланувчилари иштирок этдилар.

Тадбирни очиқ деб эълон қилар экан, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоир Шукур Қурбон ёшларни китоб мутолаасига қизиқиш уйғотишда ва аҳолининг ахборот маданиятини оширишда кутубхоналарнинг ролини алоҳида эътироф этди. “Мазкур тадбир халқимиз маънавий дунёсининг шаклланишига кучли ва самарали таъсир кўрсатган Абдулла Қодирий ижодини ўрганиш ва уни ёшлар ўртасида кенг тарғиб қилиш орқали ёшларни ватанпарварлик, миллий ғояга содиқлик руҳида тарбиялаш, ёш авлодни миллий маънавий-тарихий, қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялашга кўмаклашиш мақсадида ўтказилмоқда” –  деди у.

Тадбир аввалида “Ўткан кунлар” фильмидан парча намойиш этилди.

ХХ аср янги ўзбек адабиётининг улкан намояндаси, ўзбек романчилигининг асосчиси Абдулла Қодирий 1894 йил 10 апрелда Тошкент шаҳрида туғилган. А.Қодирий 1904—1906 йилларда мадрасада, 1908-1912 йилларда рус-тузем мактабида, 1916—1917 йилларда Абулқосим шайх мадрасасида таълим олган. 1925—1926 йилларда Москвадаги адабиёт курсида ўқиган. У 1919 йилда «Озиқ ишлари» газетасининг муҳаррири, 1920 йилда Касабалар шўросининг саркотиби, 1923—1926 йилларда «Муштум» журнали ташкилотчиларидан ва таҳрир ҳайъати аъзоси сифатида фаолият юритган. 1914-1915 йилларда ёзилган «Тўй», «Аҳволимиз», «Миллатимга», «Фикр айлагил» каби шеърлари, «Бахтсиз куёв» драмаси, «Жувонбоз» ҳикояси ёзувчининг дастлабки асарларидир. А.Қодирий 1916 йилда «Улоқда» ҳикояси, 1920 йилда «Калвак Махзумнинг хотира дафтаридан», «Тошпўлат тажанг нима дейдир?» каби сатирик ҳикояларни ёзади. Ёзувчи ўзининг улкан маҳоратини жамлаб, 1924-1926 йилларда «Ўтган кунлар», 1929 йилда «Меҳробдан чаён» романларини, 1934 «Обид кетмон» қиссасини яратган. У Абдулла Шуносийнинг «Физика», Н. В. Гоголнинг «Уйланиш», А. П. Чеховнинг «Олчазор» асарларини ўзбек тилига таржима қилган.

Филология фанлари номзоди З.Исомиддинов ўзбек адабиётининг йирик намояндаси Абдулла Қодирийни истеъдодли ҳикоянавис, журналист-публицист, ҳажвчи- ёзувчи, таржимон, ўзбек романчилигининг асосчиси сифатида таърифлар экан, у қолдирган асарлар ёшларни камол топишида муҳим аҳамият касб этишини таъкидлаб ўтди. Шунингдек, истиқлол йилларида бой тарих ва қадимий анъаналаримизни давом эттиришда муҳим ўрин тутган ҳамда халқимиз маънавиятининг, миллий тафаккуримизнинг ажралмас қисми бўлган адабиёт соҳасига алоҳида эътибор бериб келинаётганини, жумладан, А.Қодирий ҳаёти, ижоди ва фаолиятини чуқур ўрганишга қаратилаётган бу каби тадбирлар жуда зарур эканлигини айтиб ўтди.

Тадбир доирасида ўзбек адабиётининг йирик номояндаларидан бири Абдулла Қодирий таваллудининг 125 йиллиги муносабати билан “Қодирий абадияти” деб номланган китоб-расмли кўргазма очилди. Унда адибнинг энг сара асарлари ва у ҳақидаги хотиралар жамланган адабиётлар тақдим этилган.

Тадбир иштирокчилари ўзларини қизиқтирган кўпгина саволларга жавоб олдилар ва тадбир ташкилотчиларига ўз миннатдорчиликларини изҳор этдилар.

Ўзбекистон Миллий кутубхонаси матбуот хизмати

КУТУБХОНА ТАВСИЯ ЭТАДИ
ТАҚВИМ