Бош саҳифа > ЯНГИЛИКЛАР > Ўзбекистон Миллий кутубхонасида ёшларнинг медиасаводхонлигини оширишга қаратилган семинар

Ўзбекистон Миллий кутубхонасида ёшларнинг медиасаводхонлигини оширишга қаратилган семинар
22.05.2015

2015 йил 22 май куни Ўзбекистон Миллий кутубхонасида миллий ижтимоий тармоқлар фаолиятини ва Интернет тармоғидаги контентни ривожлантириш бўйича ижтимоий тармоқда мулоқот қилишда ёшларнинг медиа саводхонлигини оширишга бағишланган семинар бўлиб ўтди. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан ҳамкорликда ташкил этилган галдаги семинар “Таълим муассасаларида ижтимоий тармоқларнинг мақсади, вазифалари ва улар ҳақида тушунчалар” мавзусига бағишланди.

Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети талабалари билан мазкур мавзудаги суҳбатни шу университет Халқаро журналистика факултети, Аудиовизуал журналистика ва оммавий коммуникация кафедраси катта ўқитувчилари ф.ф.н Амрилло Каримов ва Аъзам Дадахоновлар  олиб борди.


А.Каримов ўз “Ижтимоий тармоқлар ва уларнинг таснифи” мавзусидаги суҳбатида шу йўлда амалга оширилаётган ишлар, ижтимоий тармоқларнинг интерфаол услубининг аҳамияти ва унинг ёшларга ўқув материалларини тақдим этишдаги роли ҳақида гапириб берди ва талабаларни қизғин мулоқотга жалб этувчи саволлар билан мурожаат этди. Шунингдек, А.Каримов ижтимоий тармоқларни дарс жараёнига тадбиқ қилиш бўйича тавсиялари билан ўртоқлашди.

А.Дадахонов эса “Таълим тизимида ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш”га бағишланган суҳбатида талабаларни ижтимоий тармоқлар таснифи билан таништирди, улардан фойдали мақсадларда, дарс учун саҳифалар яратиш, ўтилган мавзуни муҳокама қилиш учун фойдаланиш йўлларини кўрсатди, уларнинг фойдали ва зарарли жиҳатларини айтиб ўтди ва таълим соҳасида самарали деб топилган www.facebook.com, www.siteadvisor.com, www.google.com.au, www.google-analytics.com, www.news.com.au, www.yahoo.com, www.wikipedia.org, www.youtube.com каби сайтлардан фойдаланишни тавсия этди. Шунингдек, у дунё ўқитувчилари орасида оммалашган Пинтерест ва СлидеШаре тармоғи, унинг имкониятлари ва қулайликлари билан ҳам таништирди.

Ижтимоий тармоқларда мулоқот қилишда ёшларнинг медиа саводхонлигини оширишга бағишланган семинар талабалар ва университет профессор-ўқитувчиларида катта қизиқиш уйғотди ва кўплаб савол-жавобларга сабаб бўлди. Иштирокчилар барча ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар ва ташкилотчиларга семинар учун миннатдорчилик билдирдилар.

Ўзбекистон Миллий кутубхонаси матбуот хизмати

КУТУБХОНА ТАВСИЯ ЭТАДИ
ТАҚВИМ