Бош саҳифа > ЯНГИЛИКЛАР > Ўзбекистон Миллий кутубхонасида ёшларнинг медиасаводхонлигини оширишга бағишланган семинар бўлиб ўтди

Ўзбекистон Миллий кутубхонасида ёшларнинг медиасаводхонлигини оширишга бағишланган семинар бўлиб ўтди
05.05.2015

2015 йил 4 май куни Ўзбекистон Миллий кутубхонасида миллий ижтимоий тармоқлар фаолиятини ва Интернет тармоғидаги контентни ривожлантириш бўйича ижтимоий тармоқда мулоқот қилиш, ёшларнинг медиа саводхонлигини ва кўнгилочар сайтлардаги ахборотлардан тўғри фойдаланиш этикасини шакллантиришга бағишланган семинар бўлиб ўтди. Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази билан ҳамкорликда ташкил этилган галдаги семинар “Ўқувчи-ёшларнинг замонавий ахборот технологиялари билимларини мукаммал эгаллашлари учун, дарсдан ташқари вақтларда таълим муассасаларида махсус тўгараклар ташкил этиш” мавзусига бағишланди.

Тошкент ахборот технологиялари касб-хунар коллежи ўқувчилари билан бўлиб ўтган мазкур семинарни Миробод компютер технологиялари касб-хунар коллежи муҳандис-дастурловчиси Турсунов Баҳром ва Юнусобод компютер технологиялари касб-хунар коллежи махсус фан ўқитувчиси Раҳимов Акмаллар ўтказдилар.

Миробод компютер технологиялари касб-хунар коллежи қошида ташкил этилган тўгарак фаолияти ҳақида гапирар экан, Б.Турсунов бунда ўқувчиларнинг индивидуал қизиқишларини аниқлаш ва уларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг билим ва кўникмаларини ривожлантиришга қаратилган дастур асосида ишлаш, ўқувчиларнинг мустақил ишлаши ва ахборот қидирувида шароит яратиш заруратининг муҳимлиги тўғрисида гапирди. Шунингдек, у компютер графикасининг иллюстрасия, дизайн, 3Д моделлаштириш ва аниматсия каби турларига янгича ёндошув орқали ўқувчиларни жалб этиш ҳақида гапирди ва “Бизнинг колледжимизда киберспорт, ўйинли ва таълим берувчи дастурлар, мобил иловалар ва веб-сайтлар яратиш бўйича мусобақалар ташкил этилади. Тўгарагимиз қатнашчилари бунда ғолибликни қўлга киритиб, шаҳар танловларида колледж шаънини ҳимоя қилмоқдалар”, деди.

Юнусобод компютер технологиялари касб-хунар коллежи махсус фан ўқитувчиси А.Раҳимов бундай тўгаракларнинг ёш авлоднинг интеллектуал салоҳиятини ошириш ва маънавиятини юксалтиришда тутган ўрнини таъкидлади. “Бундай тўгараклар нафақат ўқувчиларнинг бўш вақтларини тўлдиради, балки ўқишда ўзлаштириши юқори бўлмаган, лекин мусобақаларда ижобий кўрсаткичларга эга бўлаётган, келажакда эса Ўзбекистон ахборот технологияларининг ривожида улкан хисса қўшадиган ўқувчилар учун стимул вазифасини бажаради”,-деди у.

Семинар сўнгида қатнашчилар ўзларини қизиқтирган барча саволларга жавоб олдилар ва шу каби тўгаракларга қатнашиш хоҳшини билдирдилар.

Ўзбекистон Миллий кутубхонаси матбуот хизмати

КУТУБХОНА ТАВСИЯ ЭТАДИ
ТАҚВИМ