Бош саҳифа > МУТАХАССИСЛАР УЧУН > Конференция ва семинарлар

“Илмий маълумотлардан фойдаланиш ва нашр эттириш фаоллиги” I Миллий илмий-таълимий форум

Жорий йилнинг 23-25 мартида Тошкент шаҳрида “Илмий маълумотлардан фойдаланиш ва нашр эттириш фаоллиги” I Миллий илмий-таълимий форум бўлиб ўтди. I Миллий илмий-таълимий форумининг ташкилотчилари: Ўзбекистон Миллий кутубхонаси, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Фан ва технологияларни мувофиқлаштириш қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Олий аттестация комиссияси, Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлиги.

Тадбирдан кўзланган мақсад - форум иштирокчиларини жаҳон илмий-таълимийманбалари маълумотлари билан ва юқори рейтингли журналларда мақолалар нашр эттириш имкониятлари билан таништириш орқали Ўзбекистон Республикасида илмий тадқиқотларнинг сифатини яхшилаш ва нашр эттириш фаоллигини ошириш. Форумда 2016 йилда илмий-таълимийва ахборот-кутубхона муассасаларининг Thomson Reuters, EBSCO information services, ProQuest ресурсларидан  фойдаланиш имкониятлари, дунёнинг етакчи нашриётларининг электрон илмий-таълимий ресурсларининг долзарб манбалари ва улардан Ўзбекистон илмий-таълимий ва ахборот-кутубхона муассасаларида фойдаланиш, илмий нашрлар ва докторлик диссертацияларининг самарадорлигини ва сифатини  ошириш муаммолари масалалари муҳокама этилди, шунингдек, илмшунослик воситалари масалаларига алоҳида тўхталди.

Жорий йилнинг 23 мартида илмий-таълимий форумнинг биринчи куни доирасида ялпи йиғилиш ва илмий-таълимий базалардан фойдаланиш бўйича етакчи компанияларнинг маҳорат дарслари бўлиб ўтди. Форумнинг ялпи йиғилишида 517 нафар иштирокчи қатнашди. Булар: олий ўқув юртлари ректор ва проректорлари, илмий институтлар директор ва директор ўринбосарлари, докторант ва илмий даража изланувчилари, ахборот-кутубхона муассасалари мутахассислари, Thomson Reuters, EBSCO information services, ProQuest илмий-таълимий маълумотлар базаларини тақдим қилувчи дунёнинг етакчи компаниялари.

Ўзбекистон Миллий кутубхонаси директори А.Ходжаев илмий-таълимий форум иштирокчиларини қутлади ва мазкур анжуманнинг долзарблиги, аҳамияти билан таништирди, илмий-тадқиқот ишларини ёзишда илмий-таълимий базалар ва уларда мавжуд ресурсларга кириш имкониятини берувчи кўмакчилар, зарур ахборот ресурсини тезкорлик билан топиш, уларни юклаб олиш ва тўла матнда ўқиш имкониятини берувчи етакчи илмий журналлар ва илмий тўпламлар аҳамиятини таъкидлади.

Ялпи мажлис доирасида Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазири ўринбосари Б.Усмановнинг олий таълим ривожланишида илмий ахборотдан фойдаланишнинг аҳамияти ҳақида маълумоти тингланди. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Фан ва технологияларни мувофиқлаштириш Қўмитасининг фундаментал ва амалий тадқиқотлар бўлими бошлиғи А.Муҳаммадиев илмий тадқиқот ва ишланмаларни қўллаб-қувватловчи давлат дастурлари тўғрисида маълумот берди. Форум иштирокчиларини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги ЮНЕСКО ишлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий комиссиясининг Масъул котиби А.Икрамов ҳам қутлади. Форумнинг ялпи мажлисида илмий тадқиқотлар ва ишланмаларни қўллаб-қувватловчи давлат дастурлари, олий таълим тараққиётида илмий маълумотларни олиш имкониятининг аҳамияти, электрон ресурсларни олиш бўйича Ўзбекистон Миллий кутубхонаси лойиҳалари тўғрисида, Ўзбекистон Республикасининг илмий-таълимий салоҳиятини юксалтириш соҳасида Thomson Reuters компаниясидан илғор ахборот-таҳлилий ечимлар, EBSCO академик тадқиқотлар маълумотлар базаси, жаҳон илмий маълумотларини Ўзбекистон фойдаланувчилари учун қулайлигини таъминлаш технологиялари, дунёдаги энг катта “ProQuest Dissertations & Theses Global” электрон илмий тадқиқотлар, докторлик ва магистрлик диссертациялари базаси, шунингдек иқтисодиётнинг барқарор ўсишида жаҳоннинг илмий-техник ривожланиши тенденциялари ҳақида маърузалар тингланди.

Thomson Reuters, EBSCO information services, ProQuest электрон илмий-таълимий базаларидан фойдаланиш ҳақида маълумот берувчи маҳорат дарсларида Thomson Reuters компанияси вакиллари “Қандай қилиб илмий мақолаларни юқори рейтингли журналларда чоп этиш мумкин?”,  “Web of Science маълумотлар базаси билан қандай ишлаш керак?”, “Мақолаларни қаерда чоп эттириш мумкин?” каби саволларга жавоб бердилар. Шунингдек, форум иштирокчилари EBSCO электрон журнали ва ProQuest Dissertations & Theses маълумотлар базаси имкониятлари билан амалда танишдилар.

Жорий йилнинг 24 мартида Thomson Reuters и ProQuest Dissertations & Theses компаниялари вакилларининг жойларда сайёр йиғилишлари ва маҳорат дарслари бўлиб ўтди. Булар:

Тошкент педиатрия тиббиёт институти (Тошкент педиатрия тиббиёт институти, Бухоро тиббиёт институти, Бухоро стоматология институти раҳбарлари, докторантлари  ва магистрантлари);

Тошкент ахборот технологиялари университети (Тошкент ахборот технологиялари университети, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети, Тошкент давлат педагогика университети, Тошкент автомобил-йўллар институти, Тошкент тиббиёт академияси, Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия институти, Наманган педагогика институти, Жиззах педагогика институти раҳбарлари, докторантлари  ва магистрантлари);

Ўзбекистон Миллий кутубхонаси (Фанлар академияси илмий институтлари, Интеллектуал мулк агентлиги ва Савдо-саноат палатаси вакиллари);

Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими тизими кадрларининг малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш институти (Тошкент шаҳар коллеж ва лицейлари, вилоятлар коллеж ва лицейлар вакиллари).

Сайёр йиғилишлар ва маҳорат дарсларида жами 307 нафар иштирокчи қатнашди.

I Миллий илмий-таълимий форум иштирокчиларининг умумий сони 700 нафарни ташкил қилди.

Форум якунлари бўйича якуний ҳужжат тайёрланди. Унда республика илмий-таълимий соҳасини ривожлантиришнинг асосий масалалари белгиланди, турли вазирлик ва идораларнинг фан ва таълим соҳасини ривожлантиришга қаратилган ечимларини шакллантириш ва консолидация қилинган ечимларни ривожлантириш бўйича кучларни фаоллаштириш йўллари белгилаб олинди.     

 

КУТУБХОНА ТАВСИЯ ЭТАДИ
ТАҚВИМ