Бош саҳифа > Абай Қўнонбоев (1845-1904)

Абай Қўнонбоев (1845-1904)

Қозоқ классик адабиётининг асосчиларидан бири, буюк шоир ва маърифатпарвар Абай (Иброҳим) Қўнонбоев (Абай Қўнанбой ўғли) 1845 йилда Қозоғистоннинг Семипалатинск уездига қарашли Чингизтов районида чорвадор оиласида туғилди.

Ёшлик чоғларида у мадрасада ўқиди. Кейинчалик рус мактабига қатнаб, рус тили ва адабиётини ўрганди. Абай, бир томондан, шарқ адабиётининг буюк вакиллари Фирдавсий, Навоий, Низомий ижоди билан, иккинчи томондан, А.С.Пушкин, Л.Н.Толстой, М.Е.Салтиков-Шчедрин асарлари билан қизиқиб, ўз билимини оширди.

Абай ижоди ёшлик чоғларидан шеър ёзиш ва ўлан айтишдан бошланди. Унинг жуда кўп ўланлари халқ орасида машҳур. Ўз даврининг илғор ғояли зиёлиси бўлган Абай маърифатпарварлик ҳаракатига бошчилик қилди.

Абай замондошларини чуқур ўйга, ҳаяжонга солувчи шеърлар яратди. Шу билан бирга, у рус маданиятини ўрганиш билан жиддий шуғулланди, Семипалатинск оммавий кутубхонасига тез-тез борар ва у ерда рус зиёлилари вакиллари билан дўстлашган эди. Абайнинг таълим ва демократик ғояларини шакллантириш ва ривожлантиришда илғор рус зиёлилари билан дўстлик ва ҳамкорликда  иш олиб бориш, рус адабиётидан доимо бохабар бўлиш муҳим аҳамият касб этди.

Абай қозоқ халқининг ҳаётини акс эттирувчи ажойиб асарларни яратибгина қолмай, жаҳон адабиёти классикаларининг асарларини она тилига таржима қилди.

Бадиий сўз қозоқ халқининг ҳаётида алоҳида аҳамиятга эга эди. Тасвирий санъат, архитектура, театр каби санъат турлари кўчманчи ҳаёт шароитида тўлақонли ривожлана олмас эди. Шу боис, шеър ва мусиқа халқ томонидан олқишланар ва авлоддан авлодга бериб келинар эди.

Абай не-ки ёзмасин, ўз ижоди орқали ўзини ватанпарвар-файласуф, маърифатпарвар инсон, ўз халқини севадиган ва унинг порлоқ келажагига ишонадиган одам сифатида намоён бўлади. Абай Кунанбоевнинг шеърияти қозоқ халқининг маънавий ҳаётида, унинг адабиётида муҳим ўрин тутади. Абайнинг шеърлари ва қўшиқлари оғиздан оғизга, қишлоқдан қишлоққа ўтиб, халқ орасида севиб тингланиб ва куйланиб келинмоқда. Абайнинг шеърияти туфайли, қозоқ шеърияти нафақат мафкуравий ва бадиий кашфиётлар билан бойиди, балки юрт равнақи ва ривожланиши йўлида янги, аниқ йўналишга йўналтиртирилди.

У халқни саводхон қилишга ва илм ўрганишга даъват этди. Абай биринчи қозоқ композитори ҳамдир. У ўз шеърларига халқ куйлари асосида куйлар басталаган.

 

КУТУБХОНА ТАВСИЯ ЭТАДИ
ТАҚВИМ