ALISHER NAVOIY NOMIDAGI
O`ZBEKISTON MILLIY KUTUBXONASI

 

 


  
 



Bog'lanish
Tel: (998+71) 239 47 09,
239 11 38,
239 48 75,
Faks: (998+71) 233 09 08.
O`zbekiston, 100047,
Toshkent, Xorazm ko`ch., 51.
E-mail: navoi@natlib.uz

2010 йилнинг муҳим саналари

Мустақил Ўзбекистоннинг 2010 йилги муҳим ва унутилмас саналар тақвими

 

810-870 Имом ал-Бухорий таваллудининг 1200 йиллиги

“Ҳадис илмида амир ал-мўминийн” деган шарафли номга сазовор бўлган Имом ал-Бухорийнинг тўлиқ исми Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил ибн Иброҳим ибн ал-Мағийра ибн Бардазбеҳ ал-Жуафий ал-Бухорий бўлиб, у ҳижрий ҳисобда 194 йил шаввол ойининг 13-куни (810 йил 21 июл) да Бухоро шаҳрида таваллуд топган. Бошқа кўпгина олимлардан фарқли ўлароқ ал-Бухорий туғилган сана аниқ кўрсатилишига сабаб шуки, унинг отаси Исмоил ўз даврининг илмли одамларидан бўлиб, ўғлининг туғилган кунини ўз қўли билан ёзиб кетган қоғоз замондош олимлар ихтиёрига етган ва шу хусусда ҳам унинг аниқлигига ҳеч шубҳа йўқ. У ёшлигидан ақл-идрокли, ўткир зеҳнли ва маърифатга хаваси кучли бўлиб, турли илм-фанларни, айниқса, ҳадис илмини зўр қизиқиш билан эгаллайди.
Илм ошириш мақсадида ал-Бухорий жуда кўплаб олимлардан таълим олади. Нишопурлик ал-Ҳакимнинг ёзишича, устозларнинг сони тўқсонталар атрофида бўлган.
Имом ал-Бухорий нафақат йирик олим, балки ўзининг гўзал хулқ-атвори, одамохунлиги, мурувватлилиги, ҳимматлилиги ва беқиёс саҳоватлилиги билан бошқалардан тамомила ажралиб турган. У зеҳни ўткирлиги ва ёдлаш қобилиятининг кучлилиги билан ҳам халқ орасида ғоят шуҳрат қозонган. Манбаларда ал-Бухорий 600 мингга яқин ҳадисни ёд билгани қайд қилинган.
Унинг шоҳ асарлари ҳисобланмиш “Ал-жомеъ ас-саҳиҳ” ва “Ал-адаб ал-муфрад” китоблари Тошкентда қайтадан нашр қилиниши ал-Бухорий меросини ўрганишда катта аҳамиятга эга бўлди. Алломанинг Хартанг қишлоғида жойлашган салобатли мақбараси энг обод ва кўркам қадамжолардан бири сифатида ардоқланиб, ислом аҳли ва барча меҳмонлар учун табаррук зиёратгоҳ сифатида машҳурдир.

Адабиётлар

Ahmedova Sh. Imom Buxoriy: [Imom al-Buxoriy haqida] //Maktabgacha ta`lim.-2004.-№4.-B.4-5.
Имом ал-Бухорий: (810-870) //Маънавият юлдузлари.-Т.:Абдулла Қодирий ном. халқ мероси нашриёти, 1999.-Б.54-58.
Рўзалиев Б. Имом ал-Бухорий ва унинг ишончли тўплами //Имом ал-Бухорий сабоқлари.-2006.-№4.-Б.253-254.
Султонов С. Аллоҳнинг буюк инояти: [Имом ал-Бухорийнинг болалиги ва илмга чанқоқлиги ҳақида] //Адолат кўзгуси.-2006.-1-7 дек.
Убайдуллаева Д. Имом ал-Бухорий устозлари ҳақидаги муҳим манба: //Имом ал-Бухорий сабоқлари.-2006.-№2.-Б.145-146.


870-945 Абу Мансур ал-Мотуридий таваллудининг 1140 йиллиги

Абу Мансур ал-Мотуридий сунний эътиқодидаги икки йирик оқимлардан бири бўлмиш Мотуридийа оқимининг асосчиларидан ҳисобланади. Унинг ҳаёти ҳақида маълумотлар жуда оз. Тўлиқ номи Абу Мансур Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Маҳмуд ал-Ҳанафий ал-Мотуридий ас-Самарқандийдир. Буюк калом имоми ва фиқҳ олими асли Самарқанднинг Мотурид қишлоғидан (ҳозирги Жомбой туманида жойлашган) бўлиб, унинг тахаллуси шу қишлоққа нисбатан олингандир. Абу Мансур ал-Мотуридий дастлабки таълимни шу қишлоқда олиб, кейинчалик Мовароуннаҳрнинг ўша даврдаги диний ва маърифий маркази бўлган Самарқандда давом эттиради.
Ал-Мотуридий фиқҳ ва калом масалалари билан қизиқиб, Ҳанифия мазҳаби олимларидан дарс олиб ўз билимини оширади.
Ал-Мотуридий нафақат фиқҳ, калом илмига оид, балки бошқа фанларга оид асарлар ҳам ёзган деб айтиш мумкин. Ўзбекистон Республикаси ФАнинг Беруний номидаги Шарқшунослик институти фондида сақланаётган ал-Мотуридийнинг овчиликка оид асари бунга далил бўлади.
Ал-Мотуридий ўз даврининг исломий илмлари соҳасида энг етук билим соҳиби ҳисобланиб, мусулмон дунёси олимлари томонидан тан олинган ва ҳозирда ҳам турли диний асарларда зўр эҳтиром билан тилга олинади.
Ал-Мотуридийни улуғлаб “Имом ал-Худа” ва “Имом ал-мутакаллимин” (ҳидоят йўли имоми ва мутакаллимлар имоми) каби номлар билан ҳам атаганлар.

Адабиётлар

Абу Мансур ал-Мотуридий (вафоти 945) //Маънавият юлдузлари.-Т.: Абдулла Қодирий ном. халқ мероси нашриёти, 2001.-Б.87-89.
Баҳодиров Р., Расулов Д. Ислом илмларининг буюк алломалари: [Имом ал-Мотуридий ва ал-Марғилонийлар мероси ҳақида рисола].-Т.: Абдулла Қодирий ном. халқ мероси нашриёти, 2000.-28 б.
Зиёдов Ш. Ал-Мотуридий ҳаёти ва мероси.-Т.: Абдулла Қодирий ном. халқ мероси нашриёти, 2000.-28 б.
Зиёдов Ш. Абу Мансур ал-Мотуридий: [Олим, дин арбоби ҳақида] //Жаннат Макон.-2007.-№8.-Б.26-30.
Сирожиддинов Ш. Мотуридий таълимотида ваҳдоният масаласи //Имом ал-Бухорий сабоқлари.-2006.-№3.-Б.179-182.


980-1037 Абу Али ибн Сино таваллудининг 1030 йиллиги

Марказий Осиё халқлари маданиятини Ўрта аср шароитида дунё маданиятининг олдинги қаторига олиб чиққан буюк мутафаккирлардан бири – Абу Али ибн Сино бўлиб, у Оврўпода Авиценна номи билан машҳурдир.
Ибн Сино (асл исми Ҳусайн, отасининг исми Абдуллоҳ) Бухоронинг Афшона қишлоғида, ҳижрий 370 (980) йилнинг сафар ойида, амалдор оиласида туғилган.
Ибн Сино истеъдодли, хотираси кучли, зеҳни ўткир бўлганлигидан ўз даврида маълум бўлган илмларни тезда эгаллай бошлади. 10 ёшидаёқ Қуръони Каримни бошдан-оёқ ёд ўқир эди. 13 ёшларидан бошланғич математика, мантиқ, фиқҳ, фалсафа илмлари билан шуғуллана бошлаган. У ўзидан аввал ўтган Шарқ мутафаккирларининг асарларини чуқур ўрганиш билан бирга, қадимги юнон табиий-илмий, фалсафий меросни хусусан Аристотель, Евклид, Птолемей, Гален, Гиппократ, Пифагор, Порфирийларнинг асарларини ҳам қунт билан ўрганди. 16-17 ёшиданоқ ибн Сино машҳур табиб-ҳаким бўлиб танилган.
Ибн Сино асарларининг умумий сони 450 дан ошади, лекин бизгача фақат 160 га яқин асари етиб келган, холос. Унинг “Китоб ал-қонун фиттибб”, “Китоб ун-нажот”, “Китоб ул-инсоф” каби машҳур асарлари, геометрия, астрономия, ўсимлик, ҳайвонот олами, мантиққа оид рисолалар, “Ҳайй ибн Яқзон” фалсафий қиссаси сўнгги йилларда ёзилган.
Ибн Сино замонасининг етук шоири ҳам бўлган. У Шарқ, хусусан, форс поэзиясида рубоий жанрининг асосчиларидан бири бўлиб, рубоийлари ўзида чуқур фалсафий хулосаларни ифодалайди.
Ибн Сино асарлари Ўрта асрларда Оврўпода илмий тил ҳисобланган лотин тилига, у орқали Оврўпонинг бошқа тилларига таржима этилган.
Ибн Сино умрининг сўнгги йилларида феодал урушлар кучайиб кетганлиги, ижтимоий-сиёсий ҳаётда ўзи ҳам фаол қатнашганлиги туфайли у Исфаҳон, Рай, Ҳамадон шаҳарлари орасида сарсон-саргардонликда юриб, 1037 йил 18 июнда Исфаҳон шаҳрида 57 ёшида қулунж касаллигидан вафот этди.

Адабиётлар

Абу Али ибн Сино (980-1037) //Маънавият юлдузлари.-Т.: Абдулла Қодирий ном. халқ мероси нашриёти, 1999.-Б.96-103.
Аҳмедова С. Ибн Сино асарларининг таржималари ҳақида:[Ибн Синонинг тиббиётга оид таржималари ҳақида] //Имом ал-Бухорий сабоқлари.-2006.-№1.-Б.49-51.
Ирисов А. Ҳаким ибн Сино: ҳаёти ва ижоди /(Масъул муҳаррир М.М.Хайруллаев).-Т.: Ўзбекистон, 1992.-102 б.
Қутбиддинов А. Тиб илмининг сарвари: [Табиблар султони Абу Али ибн Сино ҳақида] //Халқ сўзи.-2009.-5 янв.


1145-1221 Нажмиддин Кубро таваллудининг 865 йиллиги

Мусулмон оламидаги энг забардаст мутасаввуф донишмандлардан бири буюк ватандошимиз шайх Нажмиддин Кубродир.
Абул-жанноб ва Томатул Кубро лақабларига сазовор бўлган тасаввуфнинг Кубровия силсиласининг асосчиси Нажмиддин Кубронинг тўлиқ исми Аҳмад ибн Умра ибн Муҳаммад Хивақий ал-Хоразмийдир.
Аҳмад ибн Умар Абул-жанноб Нажмиддин Кубро 540 ҳижрий йилда Хоразмнинг Хивақ шаҳрида дунёга келади.
Абдураҳмон Жомий ўзининг “Нафақат-ул-унс” асарида ёзишича, Нажмиддин болалик йилларидаёқ илм истаб Мисрга равона бўлади. Мисрда Рузбеҳон Ваззон ал-Мисрий (вафоти 584/1188) деган олим даргоҳида таълим олади.
Али Акбар Деҳхудонинг машҳур “Луғатнома”сида келтирилишича, “у кишининг Кубро деб аталишларига сабаб шуки, беҳад зийракликлари ва туганмас заковатлари туфайли ҳар қандай муаммоли масалани сўралганда ҳал қилиб берар эдилар ва ҳар ким у киши билан бахс-мунозара қилса, ғолиб чиқар эдилар”.
Нажмиддин Кубро бир неча илмий асарлар ва рубоийлар ёзганки, улар жуда кўп тазкираларда учрайди. Улардан асосийлари “Фавоъих ал-Жамол ва фаовтих ал-Жалол”, “ал-Усул ал-ашара”, “Рисолат ал-Хоъиф ал-хаъим мин лаумон ал-лаъим” ва бошқалардир. Унинг араб тилида ёзган “Рисолатун одоб ул-зокирин” (“Зикр айтувчилар одоби ҳақидаги рисола”) асарининг Абдураҳмон Жомийнинг шогирди Абдул Ғофур Лорий томонидан форс тилига қилинган таржимаси бизгача етиб келган ва Ўзбекистон ФА Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтида №503-Х рақам остида сақланмоқда.
Нажмиддин Кубро тасаввуф таълимотининг ривожи ва бутун мусулмон Шарқида кенг тарқалишида катта роль ўйнади. Унинг номи ислом оламида машҳур бўлди.

Адабиётлар

“Диннинг юлдузи”: [Тасаввуфнинг машҳур шайхларидан бири, кубровий тариқатининг асосчиси Нажмиддин Кубро ҳақида] //Холис.-2007.-1 февр.
Нажмиддин Кубро: (1145-1221) //Маънавият юлдузлари.-Т.: Абдулла Қодирий ном. халқ мероси нашриёти, 1999.-Б.137-142.
Нуруллаева Г. Шайх Нажмиддин Кубро ва тасаввуф тариқати //Илм сарчашмалари.-2007.-№3.-Б.27-29.
Хажиева М. Мутасаввуф донишманднинг таълимоти: [Нажмиддин Кубронинг тасаввуф мактаби ҳақида] //Илм сарчашмалари.-2004.-№1-Б.49-50.


1455-1537 Камолиддин Беҳзод таваллудининг 555 йиллиги

Мовароуннаҳр ва Хуросонда XV асрдаги Ренессанс (Уйғониш даври) вакилларидан бири, Навоийнинг шогирди, “Шарқ Рафаэли” улуғ мусаввир ва миниатюрасоз Камолиддин Беҳзоддир.
Нафақат мусулмон Шарқи халқлари, балки бутун дунё халқлари санъати тарихида сезиларли из қолдирган, унинг тараққиётига ўзининг баракали ҳиссасини қўшган забардаст мусаввир Камолиддин Беҳзод 1455 йилда Ҳиротда камбағал ҳунарманд оиласида дунёга келган. Беҳзод ота-онадан жуда эрта ажралди. Уни болалигиданоқ Хиротнинг машҳур мусаввири Амир Руҳилло (Мирак наққош) ўз тарбиясга олиб, тутинган отаси бўлди ва ҳар томонлама илмли қилиб вояга етказди.
Беҳзоднинг буюк мусаввир, наққош ва миниатюрасоз бўлиб етишувининг муҳим омилларидан бири - бу унинг XV асрнинг иккинчи ярмида машҳур шоир Алишер Навоийнинг назарига тушиб, бадиий-ғоявий ва эстетик жиҳатдан улуғ мутафаккир ва ҳомий даҳосидан баҳраманд бўлганлигидандир.
Беҳзод миниатюра санъати тарихида махсус мактаб – “Беҳзод мактабини” яратди. Беҳзод миниатюралари унинг тириклигидаёқ ва айниқса ундан сўнг мусулмон Шарқида ва Ғарбда ҳам бу санъатнинг энг олий ютуғи деб тан олинди ҳамда энг қимматли санъат асарлари сифатида машҳур бўлиб кетди.
Беҳзоднинг ижодий меросини ўрганувчи мутахассислар фикрича, унинг ҳозиргача маълум бўлган асарлари тахминан ўттизта расм ва расмлар туркумидан иборат.
Беҳзоднинг мусаввирлик маҳорати ва мактаби Темурийлар даври маданияти тарихига бағишланган барча тадқиқотларда ўз даври санъатининг ажойиб ютуғи сифатида алоҳида таъкидлаб ўтилади.
Беҳзод нафақат Шарқ халқлари мусаввирлиги тарихида, балки жаҳон расм санъати тарихида ўчмас из қолдирган, ўзининг ажойиб ва қимматбаҳо миниатюра дурдоналари билан бутун дунё маданияти тарихида салмоқли ўрин олган буюк ва забардаст санъаткордир.

Адабиётлар

Ал-Лайсий Абдулфутҳ. Беҳзод асарлари зиёсидаги Темурий мактаб: /Арабчадан Н.Жабборов таржимаси //Имом ал-Бухорий сабоқлари.-2006.-№4.-Б.247-250.
Камолиддин Беҳзод:(1455-1537)//Маънавият юлдузлари. – Т.: Абдулла Қодирий ном. халқ мероси нашриёти, 2001. – Б.245-249.
Мавлонова Н. Бетакрор санъат соҳиби: [Нафис ва нозик истеъдод эгаси ўрта аср Шарқининг буюк минитаюрачиси Камолиддин Беҳзод ҳақида] //Жамият.-2007.-2 февр.
Мавлонова Н. “Монийи соний ким эди?”: [Рассом Камолиддин Беҳзод ижоди ҳақида] //Маърифат.-2007.-19 сент.


1850-1903 Муқимий таваллудининг 160 йиллиги

Муҳаммад Аминхўжа-Муқимий лирик шоир ва забардаст ҳажвчи сифатида XIX асрнинг сўнгги чораги ва ХХ аср бошларидаги ўзбек миллий адабиётининг энг йирик намоёндалари қаторида донг таратди.
У Қўқоннинг Бегвачча маҳалласида 1850 йилда Мирзахўжа Мирфозил ўғли оиласида туғилган.
Маҳалла мактаби ва “Ҳоким ойим” мадрасасида таълим олгач, Муқимий 1872-73 йилларда Бухорога бориб, “Меҳтар ойим” мадрасасида таҳсилни давом эттиради. 1876 йилда уни битириб Қўқонга қайтади.
Марказий Осиё, шу жумладан, Ўзбекистон чор Россиясининг мустамлакасига айлантирилган шароитда қалам тебратган Муҳаммад Аминхўжа ижоди чин маънода халқчилдир. У эзилган меҳнаткаш омма, бечора косибу ҳунармандлар ва хонавайрон қишлоқ деҳқонларининг оташин куйчиси бўлиб майдонга чиқади. Мустамлака тузумидаги адолатсизлик ва зўравонликни, жорий тартиб-қоидаларни халқона услубда аёвсиз қоралаган шоир ўлкамиз истиқболига ишонч билан қаради. Унинг асарларида инсоний ишқ-муҳаббат улуғланди, иймон-эътиқод, ҳалоллик, сахийлик, покдомонлик, элпарварлик, дўстлик, она табиат гўзалликларидан завқланиши, висол онларининг лаззатлари ва ҳижрон азоб-уқубатлари ишонарли лавҳаларда жуда таъсирчан ифодаланди.
Муқимий адабиётимиз тарихидаги энг кўп мураббаъ ёзган шоирлардан бири бўлиб, бу қадимий турнинг ривожига жиддий таъсир кўрсатди. Шоир бир неча ўнлаб мухаммаслар ҳам яратган, улар орасида ўз мазмуни ва руҳига кўра соф ижтимоий ва сатирик йўналишидагилари учраса ҳам, кўпчилиги ишқ-муҳаббат мавзуидадир.
Муқимий ғазал, мураббаъ ва мухаммасларнинг етакчи образи-лирик қаҳрамон, аввало, бурч, вафо ва садоқат ҳақидаги илғор тушунчаларга эга бўлган софдил, маънавий баркамол ва руҳан бой шахс сифатида гавдаланади.
Шоир 1903 йил 25 майда сариқ касаллиги туфайли оламдан ўтади.

Адабиётлар
Жўрабоев О. Қўлёзма манбаларда Муқимий ижоди: //Тил ва адабиёт таълими.-2001.-№3.-Б.36-40.
Матёқубов М. Муқимий жадид бўлганми? [Муқимийшунос олимларнинг шу мавзудаги фикрларнинг илмий таҳлили] //Илм сарчашмалари.-2005.-№1.-Б.40-41.
Муқимий: [Муҳаммад Аминхўжа Мирзахўжа ўғли (1850-1903)] //Маънавият юлдузлари.-Т., 1999.-Б.338-343.
Қодиров В. Муқимий лирикасида халқона ифода омиллари //Ўзбек тили ва адабиёти.-2008.-№2.-Б.51-53.

1870 Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси 140 йиллиги

 Пойтахтимиздаги нуфузли гўшалардан бири – шеърият мулкининг султони Алишер Навоий номи билан аталувчи Ўзбекистон Миллий кутубхонаси асрлар давомида тўпланган бой маънавий меросни ўқувчиларга тақдим этиб келмоқда.
 Жамоат кутубхонаси сифатида 1870 йили ташкил этилган ушбу зиё маскани кейинчалик мамлакатимизда универсал фондга эга биринчи давлат оммавий муассасасига айланди.
 Юртбошимизнинг 2002 йил 20 февралдаги “Илмий тадқиқот фаолиятини ташкил этишни такомиллаштириш тўғрисида”ги Фармони ва Вазирлар Маҳкамасининг 2002 йил 12 апрелдаги “Ўзбекистон Миллий кутубхонасини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, Ўзбекистон Миллий кутубхонаси мақомини олган ушбу маскан мамлакатимиз фани, адабиёти, санъатининг фидойилари, зиёлиларнинг ижодий изланишларида ҳақиқий кўмакдош бўлиб келмоқда. Кўп миллион нусхали китоб фондида сақланаётган ўлмас меросни китобхонларига беминнат тақдим этмоқда.
 Ноёб ва нодир нашрлар фонди кутубхонанинг фахри бўлиб, унда 250 мингдан зиёд нашр жамланган. Шундан 16 мингга яқини нодир нашрлар ва қўлёзмалар бўлимининг фонди ҳисобланади. Мазкур фондда сақланаётган Ўрта Осиёнинг 1917 йилга қадар бўлган тарихи, географияси, иқтисодиёти ва маданияти бўйича ўзига хос қомус ҳисобланган 594 жилддан иборат “Туркистон тўплами”, шунингдек, Туркистон ўлкаси аҳолисининг турмуш тарзи ва урф-одатлари ҳақида ҳикоя қилувчи 1200 дан ортиқ фотосуратларни ўз ичига олган 10 жилдли “Туркистон альбоми” ноёб ҳужжатлар коллекциясининг муҳим қисмини ташкил этади.
 1998 йилдан кутубхона жараёнларини автоматлаштиришга, 1999 йилдан эса мамлакатимиз ва хориж нашрларига электрон каталог тузишга киритилди.
 Шунингдек, кутубхона йирик халқаро кутубхоначилик ташкилотлари, жумладан, Халқаро кутубхоналар ассоциацияси федерацияси (ИФЛА), Нотижорат ҳамкорлик Евроосиё Кутубхоналар ассамблеяси (БАЕ) аъзосидир.
 Кутубхонанинг катта қироатхонаси ва кўргазмалар хонасида турли маънавий-маърифий тадбирлар, илмий-амалий конференциялар, зиёлилар билан учрашувлар, семинарлар, давра суҳбатлари, тақдимотлари ўтказилиши анъанага айланган.
 Кутубхона ўз нашриёт-матбаа базасига эга. Базада республика кутубхоналари ишига ёрдам тариқасида ҳар йили 30 дан ортиқ номда турли методик-библиографик қўлланма ва тавсиялар, бадиий, публицистик, илмий-оммабоп ва бошқа йўналишдаги адабиётлар чоп этилмоқда.

Адабиётлар
 Алимов Ш., Бойтуллаев Р. Китоб – бебаҳо хазина: [Алишер Навоий ном. Ўзбекистон Миллий к-наси ҳақида] //Ўзбекистон иқтисодий ахборотномаси. – 2000. – №4. – Б.56 – 57.
 Жўраева Ҳ. Тафаккур дурдоналари хазинаси: [Алишер Навоий ном. Ўзбекистон Миллий к-наси ҳақида] //Ҳуқуқ ва бурч. – 2009 . – №2. – Б.38 – 39.
 Икромова Д. Маънавиятимиз дурдоналари: [Алишер Навоий ном. Ўзбекистон Миллий к-наси фаолиятидан лавҳалар] //Тошкент оқшоми. – 2008. – 10 нояб.
 Маминова И. Комиллик калити: [Алишер Навоий ном. Ўзбекистон Миллий к-насининг илмий ишлар бўйича директор ўринбосари Ирина Маминова билан к-на фаолияти ҳақида суҳбат] /Суҳбатдош Б.Саъдуллаев //Ўзбекистон овози. – 2009. – 24 март.
 Мутафаккир номидаги маърифат ўчоғи: [Алишер Навоий ном. Ўзбекистон Миллий к-наси ҳақида] //Маҳалла. – 2008. – 6 февр.  

1875-1919 Маҳмудхўжа Беҳбудий таваллудининг 135 йиллиги

  Маҳмудхўжа Беҳбудий ХХ аср бўсағасидаги Туркистон ижтимоий – сиёсий ҳаракатининг энг йирик намоёндаси, янги давр ўзбек маданиятининг асосчисидир. Туркистон жадидларининг тан олинган раҳнамоси, мустақил жумҳурият ғоясининг раҳнамоси, янги мактаб ғоясининг назариётчиси ва амалиётчиси, ўзбек драматургиясини бошлаб берган биринчи драматург, театрчи, ношир, журналист.
 1899 – 1900 йилларда Беҳбудий ҳаж сафарига боради. Дунё кўриш изсиз кетмайди. Сафар янги мактаб ҳақидаги қарашларини мустаҳкамлайди. Унинг ташаббус ва ғайрати билан 1903 йилда Самарқанд атрофидаги қишлоқларда янги мактаблар ташкил қилинади. Адиб бу мактаблар учун дарсликлар тузишга киришади. Кетма-кет “Рисолаи асбоби савод”, “Рисолаи жуғрофия умроний”, “Рисолаи жуғрофия Русий”, “Китобат ул-атфол”, “Амалиёти ислом”, “Тарихи ислом” каби китоблари пайдо бўлади.
 Маърифат учун биргина мактаб кифоя қилмайди. Замон ва дунё воқеалари билан танишиб бормоқ керак. Миллат ва Ватаннинг аҳволидан, кундалик ҳаётидан огоҳ бўлмоқ лозим. Миллат учун ойна керак, токи ундан ўз қабоҳатини кўра олсин.
 Мана шу эҳтиёж ва зарурат Беҳбудийни театр ва матбуотга бошлади. “Падаркуш” драмаси шу тариқа майдонга келди. “Падаркуш” драмаси 1913 йилдагина босилиб чиққан.
 1913 йилдан Беҳбудий матбуот ишлари билан шуғулланади. “Самарқанд” газетасини чиқара бошлади. Газета туркий ва форсий тилларда, ҳафтада икки марта, дастлаб икки, сўнг тўрт саҳифада чоп этилган. 45-сони моддий қийинчилик туфайли тўхтаган. Сўнг Беҳбудий шу йилнинг 30 августидан “Ойна” журналини чиқара бошлайди. “Ойна” журнали маърифат ва маданият тарқатишда жуда катта хизмат қилади.
 1919 йилнинг эрта баҳорида мамлакатдан чиқиб кетаётганида Шаҳрисабзда инқилобий фавқулодда комиссия айғоқчилари кўмагида Бухоро амирлиги одамлари томонидан қўлга олинади, ҳамроҳлари Муҳаммадқул ва Мардонқул билан биргаликда Қаршида зиндонга ташланади ва қатл қилинади.

Адабиётлар

 Маърифат боғбони: [Маҳмудхўжа Беҳбудий ҳақида] //Тафаккур. – 1994. – №1. – Б.79.
Маҳмудхўжа Беҳбудий (1875-1919) //Маънавият юлдузлари. – Т.: Абдулла Қодирий ном. халқ мероси нашриёти, 2001. –Б. 372-377.
 Номозова Н. Маҳмудхўжа Беҳбудий: [Буюк бобомиз Маҳмудхўжа Беҳбудий хотирасини ёд этиб] //Мактабгача таълим. – 2005. – №10. – Б.14–16.
 Раҳмат Нусрат. Маърифат дарғаси: [Маҳмудхўжа Беҳбудий таваллудининг 126 йиллигига] //Қишлоқ ҳаёти. – 2002. – 10 янв.  

1905-1968 Мусо Тошмуҳаммад ўғли Ойбек таваллудининг 105 йиллиги
 
 Шоир, ёзувчи, адабиётшунос олим ва жамоат арбоби, Ўзбекистон халқ ёзувчиси, Ўзбекистон Фанлар Академияси академиги Мусо Тошмуҳаммад ўғли Ойбек ҳунарманд – бўзчи оиласида туғилган. Дастлаб оқ масжид маҳалласида эски мактабда сўнг Мунавварқори Абдурашидхонов ташкил этган “Намуна” мактабида бошланғич маълумот олади. Шундан кейин Навоий номидаги таълим ва тарбия техникум – интернатида таҳсил олгач, Тошкент университетининг ижтимоий фанлар факультетида, Ленинград халқ хўжалиги институтида ўқийди ва оғир хасталикка учрагани сабабли яна Тошкентга қайтиб, Тошкент университетида ўқишни тугатади.
 Ойбек адабий фаолиятини шоир сифатида бошлаган. “Чолғу товуши” деган биринчи шеъри 1922 йил “Армуғон” журналида босилган. У лирик шеърият билан бир қаторда достоннавислик соҳасида ҳам изланишлар олиб бориб, “Дилбар – давр қизи”, “Ўч”, “Бахтигул ва Соғиндиқ”, “Қаҳрамон қиз”, “Гулноз”, “Камончи”, “Навоий” сингари достонлар ёзди.
 Ойбек озгина бўлсада, ўз кучини драматургияда ҳам синаб кўрди. У “Маҳмуд Торобий” операси либреттосини ёзди ва шу мавзу бўйича драма театрлари учун “Ғалвирчи”, рус адиби ва адабиётшуноси А.Дейч билан ҳамкорликда эса рус тилида “Халқ қалқони” пьесалари устида ишлади.
 Серқирра ижод соҳиби Ойбек жаҳон ва рус адабиётининг энг юксак намуналарини ўзбек тилига таржима қилиб, Чўлпон ва Қодирий асос солган ўзбек таржима мактабини ўзининг юксак даражадаги таржималари билан бойитди.
 Ойбек ўзининг ранг-баранг ижоди ва улкан жамоат арбоби сифатидаги фаолияти билан ўзбек халқининг маданий юксалишига катта ҳисса қўшди. 1980 йилда адиб яшаган уйда Ойбек уй – музейи ташкил этилган ва унга ҳайкал ўрнатилган. 2001 йил “Буюк хизматлари учун” ордени билан тақдирланган.

Адабиётлар
 Жумабоева Ж. Ойбек лирик қаҳрамонининг руҳий олами: [Ўзбек шоири шеъриятида] //Ўзбек тили ва адабиёти. – 1997. – №1. – Б. 44–47.
 Иброҳим Раҳим. “Қуёш қораймаслиги мана шу”: [Атоқли ёзувчи Ойбек ҳақида хотира] //Шарқ юлдузи. – 1995. – №3–4. – Б.44–47.
 Каримов Н. “Донолар ўтдилар – сафари...”: [Ойбек ҳаёти ҳақида] //Ҳуррият. – 1999. – 6 – 12 янв.
  Каримов Н. Ойбекнинг Бухорога сафари: [Улуғ адиб ҳаётидан] //Маърифат. – 2006. – 10 янв.
 Ойбек //Ўзбекистон Миллий энциклопедияси.6-жилд. Мирий-Пархиш. Таҳрир ҳайъати А. Абдувоҳитов, А. Азизхўжаев, М. Аминов ва бошқ.- Т.: “Ўзбекистон миллий энциклопедияси” Давлат илмий нашриёти, 2003. – Б. 474–477.


1905-1990 Уйғун таваллудининг 105 йиллиги

 Уйғун қарийб чорак кам бир асрлик ижоди маҳсули бўлган ўндан ортиқ шеърий тўпламлар ва поэмалар, йигирмага яқин драмаларни яратди. Йигирма ёшида “Ер юзи” журналида босилган “Кўнглим” шеъри билан адабиётга кириб келган шоир кўп ўтмай ижодининг илк гулдастаси “Баҳор севинчлари” (1929) тўпламини ўқувчиларга тақдим этди.
 “Куз қўшиқлари” ҳамда “Олтин севги” ёки “Тонгги бўса” каби асарлари орқали у сержило табиатнинг шўх ва майин лирик торини чертиб куй таратди.
 “Ўзбекистон” каби шеърларида она-Ватан образи маҳорат билан чизилса, “Сурат”, “Соғинган бўлсанг”, “Севги” каби шеърий мактублардан ташкил топган асарларида маъшуқа ва жангчи ёр образи ёрқин кўзга ташланади.
 Уруш йилларида Иззат Султон билан биргаликда ёзилиб, саҳналаштирилган “Алишер Навоий” драмаси Уйғунни драматург сифатида машҳур қилди. Бу асарида муаллифлар замон учун зарур бўлган фикр ва ғояларни Алишер Навоий даври ва унинг ижодидан топдилар.
 Уйғуннинг “Абу Райҳон Беруний”, “Абу Али ибн Сино”, “Зебунисо” шеърий драмалари тарихий – биографик жанрда ёзилиб, улуғ алломалар образини бугунги саҳнамизга олиб келди.
 Унинг ёшлар маънавияти муаммосига бағишланган “Парвона” (1966) комедияси жамоатчилик томонидан самимий кутиб олинган.
Уйғун шоир ва драматург таржимон ва адабиётшунос сифатида юксак чўққини эгаллаган.
 У ўз ижодий машаққати туфайли “Ўзбекистон халқ шоири”, Ҳамза номидаги Ўзбекистон Давлат мукофотининг лауреати, Санъат арбоби, Фанлар академиясининг мухбир аъзоси, меҳнат қаҳрамони бўлди.

Адабиётлар

 Абдусаматов Ҳ. “Ўлсам айрилмасман қучоқларингдан”: [Уйғун таваллудининг 90 йиллигига] //Халқ сўзи. – 1995. – 16 авг.
 Бекмирзаев Н. Баҳор куйчиси эди: [Уйғун таваллудининг 95 йиллигига] //Ватанпарвар. – 2000. – 25 апр.
 Мамажонов С., Назаров Б. Уйғун ва ҳозирги замон ўзбек адабиёти: [Уйғун ижоди ҳақида] //Ўзбек тили ва адабиёти. – 1996. – №1. – Б.6–11.
 Мирмуҳсин. Адабий кошонамизнинг устунларидан бири: [Уйғун таваллудининг 90 йиллигига] //Халқ сўзи. – 1995. – 28 дек.


1905-1985 Назир Сафаров таваллудининг 105 йиллиги

 Назир Сафаров 1905 йилда Жиззах шаҳрида темирчи – мисгар оиласида туғилди. У қисман эски мактабда, асосан эса собиқ совет мактабида маълумот олди.
Назир Сафаров ўзбек адабиётига XX асрнинг 20 – йилларида кириб келиб ўзбек адабиётини тараққий эттиришга ўзининг муносиб ҳиссасини қўшди. Унинг уч соҳа бўйича қилган ижодий изланишларини алоҳида таъкидлаб ўтиш лозим. Булар драматургия, катта проза ҳамда публицистика ва очерклардир.
 Назир Сафаровни халққа танитган, уни машҳур қилиб юборган драматургия жанри бўлди.
Назир Сафаров 20 – йилларнинг ўрталарида “Санойи нафис” номли драма тўгарак ташкил қилиб, бир пардали асарларни томошабинларга намойиш қилди, ўзи “Янги қишлоқ” номли бир пардали пьеса яратди. Лекин унинг кўнгли бу асардан тўлмади. Адибнинг орзуси катта бадиий полотно – “Тарих тилга кирди” (Зиё Саид билан бирга ёзилган 1931) пьесаси билан ушала борди.
“Тарих тилга кирди” асарининг муваффақияти Назир Сафаровга қанот берди, бу қанот ёрдами билан ижод уфқларига парвоз қилиб борди. Бунинг маҳсули сифатида “Уйғониш” (1938) пьесаси яратилди. 1949 йилда “Шарқ тонги” пьесасини ёзди.
У урушдан кейинги йилларда “Очерклар” тўплами, “Олияхон Султонова”, “Хадича Аҳророва”, “Катта карвон йўлида”, “Узоқни кўзлаган қиз”, “Инсон изи” сингари қисса ва очеркларни ёзган.

Адабиётлар

 Зоҳидов В. Балли адиб!: [Назир Сафаров 75 ёшда] //Тошкент оқшоми. – 1980. – 28 март.
 Имомов Б. Талантнинг муҳим қирраси: [Назир Сафаров ҳақида] //Шарқ юлдузи. – 1980. – №1. – Б.222–226.
 Сафаров Н. Нурафшон уфқлар: [Ёзувчи ўзи ҳақида] //Тошкент оқшоми. – 1976. – 2 февр.

1910-2001 Иззат Султон таваллудининг 100 йиллиги

 Иззат Султон ўзининг биринчи саҳна асари “Бургутнинг парвози” билан драматургиямизга кириб келди. 1941 йилда у шоир Уйғун билан ҳамкорликда машҳур “Алишер Навоий” драмасини ёзди. Кейинчалик, “Имон”, “Номаълум киши”, “Кўрмайин босдим тиканни”, “Истеҳком”, “Донишманднинг ёшлиги” каби саҳна асарларини яратди.
А.Спешнев, Уйғун, В.Шкловскийлар билан ҳамкорликда “Алишер Навоий”, ўзи мустақил равишда “Фидойи”, “Малоҳат” киносценарийларини, “Шоир қалби”, “Зарафшон водийларида” опера-либреттоларини ёзди.
Мустақиллик унинг илҳомига илҳом қўшиб юборди, ижодига янги мазмун олиб кирди. Долзарб мавзуда мақолалар ёзди. “Баҳоуддин Нақшбанд абадияти” китобини ёзди. Ғайбуллоҳ ас-Салом таъбири билан айтганда “Баҳоуддин Нақшбанд абадияти” мафкура соҳасида қилган улкан хизматининг натижаси деса бўлади.
Олим олий мактаблар учун “Адабиёт назарияси” дарслигини истиқлол замони мафкураси асосида қайта ишлади. Асар унинг вафотидан кейин – 2005 йилда “Ўқитувчи” нашриётида чоп этилди.
Вақт ўтган сари Иззат Султоннинг фанимиз ва санъатимиздаги ўрни сезилмоқда. Унинг серқирра ва сермазмун ижодининг нурли қирралари янада ёрқинроқ кўринмоқда.

Адабиётлар
 
 Акбаров Ҳ. Олим заковати, санъаткор маҳорати: [Иззат Султон билан бўлган мулоқот] //Маърифат. – 2008. – 29 окт.
 Насриддинов Ф. Адабиётшунослар сардори: [Ёзувчи Иззат Султонни хотирлаб] //Маърифат. – 2004. – 19 май.
 Отажонова М. Иззат Султон драмаларида замонавий қаҳрамон //Илм сарчашмалари. – 2003. – №1. – Б.57–60.
 Шарафиддинов О. Алвидо, Устоз: [Шоир Иззат Султонни хотирлаб] //Ўзбекистон адабиёти ва санъати. – 2001. – 3 авг.
 

1910-1972 Миртемир таваллудининг 100 йиллиги

 Миртемир шеъриятида миллий ватанпарварликнинг кўркам кўриниши акс этган. Унинг шеърларида ҳар бир сўз, ҳар бир образ, тимсол лирик қаҳрамоннинг бутун ички олами, дард-аламлари-ю ҳасратлари, ёруғ келажак ҳақидаги орзу-ўйлари ўзига хос бир оҳангда ифодаланади.
  Миртемир ўзининг “Бир гўзал”, “Ялли-ялли”, “Ой юзли”, “Тушмасин”, “Қора кўзли”, “Мард йигит ёринг бўлай” каби ноёб қўшиқлари ва “Онагинам”, “Киприкларим”, “Қўшиқларим”, “Биби Марям”, “Бетоблигимда”, “Ўзим биламан”, “Армон”, “Излаганим”, “Сен у ёнга кетдинг, мен бу ёнга”, “Розиман, ризоман ўла-ўлгунча”, “Тушмасин” шеърлари, “Сурат” шеърий қиссаси билан бой услубий изланишлар маҳсули бўлган, “Ҳар бир сўз қуюқ овозга тўлиб куйловчи” қуйма шеърий асарлари билан ўзбек шеърияти тарихи саҳифаларини безаб турибди.
 Миртемир шеъриятида сўз образ санъати кучли. Сўзлар шоир қаламида ҳамиша бир жило топар, образга айланарди. Масалан: “Истадимки...” шеърида “олтин”, “ёқут”, “арча”, “тупроқ” сўзларида поэтик образ кўтарилади ва бу сўз, образлар ҳар қандай жимжимадорликдан ҳоли.
 Унинг бой поэтик дунёси, жаҳон адабиёти дурдоналаридан маҳорат билан қилган таржималари бугунги кунда халқимизнинг нодир бадиий хазинасига айланди. У тинимсиз ишлади. Ижод гашти билан яшади.  
 

Адабиётлар

Адашбоев Т. Камтар ва оқибатли: [Шоир Миртемир ҳақида] //Ўзбекистон адабиёти ва санъати. – 2001. – 26 янв.
Жўраева Ф. Миртемир – Пушкин таржимони: [Миртемир ижоди ҳақида] //Ўзбек тили ва адабиёти. – 2002. – №4. – Б.44–48.
Зулфия. Бир шеър тарихи: [Миртемир домланинг “Онагинам” шеъри ҳақида] //Халқ сўзи. – 1991. – 7 сент.
Исомиддинов З. Сўз деҳқони: Ижод сирлари: [Миртемир домланинг ижоди ҳақида] //Жаҳон адабиёти. – 2001. – №7. – Б.145–148.
Каримов Н. Шеър – сеҳр дарёси: [“Мангу лаҳза”рукнида шоир Миртемирнинг суратига чизгилар] //Ўзбекистон адабиёти ва санъати. – 1999. – 20 авг.
Мўминов Ғ. Ёдномалар: [Шоир ва таржимон Миртемир ҳақида хотиралар] //Тошкент оқшоми. – 1995. – 15 февр.

1910-1987 Шукур Бурҳон таваллудининг 100 йиллиги

Шукур Бурҳонов актёрлик маҳорати борасида том маънода ўз мактабини яратган артист эди. Уни ёзувчилар ва санъатшуносларнинг баъзилари “Театр шоири” деб аташса, айримлари “Қаҳрамонлик – баҳодирлик тилидаги образларнинг шерсифат ижрочиси”, деб таърифлашган. Яна бир гуруҳ тадқиқотчилар эса, Шукур Бурҳонов ҳақида ёзганларида “Юрагини улашган роли билан юракни забт этувчи актёр” дея фахрланишарди.
Оддий томошабин, санъат севар халқимиз Шукур Бурҳонов ижро этган Рустам (“Рустам”), Ғофир (“Бой ила хизматчи”), Йўлчи (“Қутлуғ қон”), Ҳамлет (“Ҳамлет”), Улуғбек (“Мирзо Улуғбек”), Брут (“Юлий Цезарь”), Эдип (“Шоҳ Эдип”), Сулаймон ота (“Қиёмат қарз”) ролларини ўзининг энг яқин қадрдони, маслаҳатгўйи, ўзига илҳом ва ибрат улашувчи, ўзини фаолликка ва хушёрликка чорловчи мумтоз санъаткор деб биларди, севарди ва ардоқларди. Бир сўз билан айтганда, беназир санъаткорнинг ижоди у тириклигидаёқ элимизнинг маънавий мулкига айланганди.

Адабиётлар

 Акбаров Ҳ. Бағри кенг, ақли теран: [Ўзбекистон халқ артисти Шукур Бурҳонни хотирлаб] //Тошкент оқшоми. – 2002. – 14 янв.
Акбаров Ҳ. Шукур Бурҳон унинг ширин ташвишлари ушалмаган орзулари //Маърифат. – 2008. – 20 авг.
Йўлдошев Ш., Қаҳҳоров Ш. Шукур Бурҳон: [Ўзбекистон халқ артисти, бетакрор санъаткор Шукур Бурҳонов ҳақида] //Ўзбекистон овози. – 2009. – 25 янв.
Умаров Э. Шукур Бурҳон арчалари: [Ўзбекистон халқ артисти Шукур Бурҳоновни хотирлаб] //Ўзбекистон адабиёти ва санъати. – 2005. – 11 март.
Қодиров М. Саҳна сардори: [Ўзбекистон халқ артисти Шукур Бурҳонов ҳақида] //Театр. – 2007. – №1. – Б.9–15.
Ҳайдаров Р. Хотира кечаси: [Ўзбекистон халқ артисти Шукур Бурҳоновга атаб ўтказилган хотира кечаси ҳақида] //Тошкент оқшоми. – 2005. – 20 сент.
 

1915-1996 Зулфия таваллудининг 95 йиллиги 1 март

Зулфия 1915 йил 1 мартда, баҳорнинг илк кунида таваллуд топди. У яратган асарларнинг баҳор мисоли ифорли, ҳароратли эканининг боиси балки шундандир? Шоира шеърларида баҳорга жуда кўп мурожаат қилади, кўкламни янгиланиш фасли дея қадрлайди.
 Зулфиянинг илк шеъри 1931 йилда “Ишчи” газетасида босилган. Дастлаб 1932 йил “Ҳаёт варақлари” шеърлар тўплами нашр этилган. Кейин унинг “Темирой”, “Шеърлар”, “Қизлар қўшиғи” шеърий китоблари эълон қилинган.
Турмуш ўртоғининг фожеали тақдири Зулфия шеъриятига мангу ҳижрон мавзусини олиб кирди. “Баҳор келди сени сўроқлаб”, “Кечир қолдим ғафлатда”, “Ўрик гуллаганда”, “Кўрмадинг кўзларимда ёш?”, “Сен қайдасан, юрагим” ва бошқа бир қатор етук шеърлар шоиранинг айрилиқ азобларидан яралган.
 Зулфия 1954-1985 йиллар давомида хотин-қизларнинг севимли нашри – “Саодат” журналида бош муҳаррир сифатида фаолият кўрсатди.
 Зулфия шеърлари дунёнинг жуда кўплаб тилларига таржима қилинган. Шоир Пушкин, Лермонтов, Леся Украинка, Мустай Карим, Марварид Дилбози, Амрита Притам, Габриэла Мистрал сингари машҳур шоирлар яратган дурдона асарларни ўзбек тилига маҳорат билан ўгирди.
 Зулфия Жавоҳарлаъл Неру номидаги умумҳиндистон соврини, тинчлик ва дўстликни тараннум этувчи асарлари ҳамда Осиё ва Африка ёзувчилари ҳаракатдаги фаол иштироки учун халқаро “Нилуфар” мукофотига сазовар бўлган. Шунингдек, у Болгариянинг биринчи даражали “Кирил ва Мефодий” ордени билан ҳам тақдирланган.
 1999 йил 1 июнда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Зулфия номидаги Давлат мукофотини таъсис этиш бўйича таклифларни қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги Фармони эълон қилинди. Пойтахтимиздаги кўчалардан бири ҳам шоира номи билан юритилмоқда.
 2008 йил 1 март куни пойтахтимиз марказида Зулфия ҳайкалининг очилиши шоира хотирасига кўрсатилган ҳурмат – эҳтиромининг яна бир намунаси бўлди.

Адабиётлар

Абдуллаева Қ. Онадек меҳрибон эдилар: [Ўзбекистон халқ шоири Зулфияни хотирлаб] //Ўзбекистон адабиёти ва санъати. – 2005. – 6 май.
  Бойқобилов Б. Меҳр кўп кўргизди: [Атоқли шоира Зулфия таваллудининг 90 йиллигига] //Мулоқот. – 2005. – №2. – Б.36.
 Маҳмудова С. Баҳмалдан келган бойчечак: [Шоира Зулфия ҳақида] //Сиҳат саломатлик. – 1991. – №3. – Б.21.
 Мухтор Омон. Нурга тўймаган дунё: [Бетакрор шоира Зулфияхонимни хотирлаб] //Ўзбекистон адабиёти ва санъати. – 2005. – 25 февр.
 Раҳимбоева Қ. Баҳор келди: [Зулфияни хотирлаб] //Ишонч. – 2003. – 1 март.
 Эргашева Ш. “Қаламим инсонга, элга хизмати”: [1 март – Зулфия таваллуд топган кун] //Қишлоқ ҳаёти. – 2009. – 27 февр.

   
1920-2007 Саид Аҳмад таваллудининг 90 йиллиги

 Саид Аҳмад Ҳусанхўжаев 1920 йили Тошкент шаҳрида таваллуд топган. 1937 йили ўрта мактабни тугатиб, Низомий номидаги Тошкент Давлат Педагогика институтида таҳсил олди. У ўз меҳнат фаолиятини “Муштум” журналида бошлади, сўнг Республика радиосида, марказий газета ва журналлар таҳририятларида, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида хизмат қилди. 1962 йилдан асосан ижод билан шуғулланиб, ўзбек адабиёти хазинасидан муносиб ўрин олган кўплаб етук асарлар яратди.
 Биринчи ҳикоялар тўплами – “Тортиқ”, “Эрюрак”, “Фарғона ҳикоялари”, “Чўл бургути”, “Чўл оқшомлари”, “Одам ва бўрон” тўпламларига кирган ҳикояларида замондошларининг мураккаб тақдири, руҳий кечинмалари эҳтирос билан акс эттирилган. Кейинчалик яратилган, халқимиз ҳаётининг турли мураккаб даврлари ёрқин акс эттирилган “Қадрдон далалар”, “Ҳукм қиссалари”, “Жимжитлик” романи, айниқса, машҳур “Уфқ” трилогияси китобхонлар қалбидан чуқур жой олди.
 Адиб қаламига мансуб бўлган драматик асарлар, айниқса “Келинлар қўзғолони” пьесаси мамлакатимизда ва чет эллардаги бир қатор етакчи театрларда катта муваффақият билан намойиш этилди.
 Саид Аҳмад мустақиллик йилларида ҳам баракали ижодини давом эттирди. Бу даврда унинг маънавий ҳаётимизда муҳим воқеа сифатида эътироф этилган “Йўқотганларим ва топганларим”, “Қора кўз мажнун”, “Киприкдаги тонг”, сингари янги асарлари ўқувчилар қўлига етиб борди.
 Саид Аҳмаднинг адабиётимиз ва маданиятимизни юксалтириш йўлидаги хизматлари давлатимиз томонидан муносиб баҳоланди. У “Ўзбекистон Қаҳрамони”, “Ўзбекистон халқ ёзувчиси”, “Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби” фахрий унвонларига сазовор бўлган. “Буюк хизматлари учун” ва “Дўстлик” орденлари билан тақдирланган.

Адабиётлар
  Аъзамов Ғ. Ғуруримиз олам-олам: [Ўзбекистон халқ ёзувчиси адиб Саид Аҳмад ҳақида] //Тошкент оқшоми. – 1995. – 9 июнь.
 Назарова Т. Кулги дарғаси: [Ўзбекистон халқ ёзувчиси адиб Саид Аҳмад ҳақида] //Тошкент ҳафтономаси. – 2005. – 1 дек.
 Қориев М. Пайванд: [Ўзбекистон халқ ёзувчиси адиб Саид Аҳмад ҳақида] //Халқ сўзи. – 1995. – 28 март.
 Ҳошимов Ў. Халқ ҳаётининг рангин манзаралари: [Ўзбекистон халқ ёзувчиси адиб Саид Аҳмад 75 ёшда] //Шарқ юлдузи. – 1995. – №5-6. – Б.191 - 197.

1930 Самарқанд тиббиёт институти – 80 ёшда
 
 Самарқанд Давлат Тиббиёт институти – тиббиёт олий ўқув юрти 1930 йилда ташкил этилган. 1933 йил Ўзбекистон университети факультетига айлантирилган, 1935 йилда яна мустақил институт бўлиб ажралиб чиқди ва ўша йили унинг ихтиёрига Самарқанд клиник касалхонаси ўтказилди.
 Институтда 490 дан ортиқ ўқитувчилар фаолият кўрсатади, шулардан 68 киши фан доктори, 49 киши профессор, 172 нафари фан номзоди, 119 нафари доцент, 5 киши хизмат кўрсатган фан арбоби ва 6 киши Ўзбекистонда хизмат кўрсатган соғлиқни сақлаш ходими унвонига эга.
  Самарқанд тиббиёт институтида ўлка патологияси, жумладан, иссиқ иқлим шароитида меъда–ичак, юрак–томир касалликлари ва бошқа мавзуларда тадқиқот ишлари олиб борилади.  

Адабиётлар

 Абусаид Нур. Меҳр – шафқат ҳамширалари: [Самарқанд тиббиёт ин-ти ҳақида] //Гулистон. – 1991. – №10. – Б.26.
 Асқаров Қ. Инсон тафаккури билан кучли: [Самарқанд тиббиёт ин-ти талабалари ҳақида] //Халқ сўзи. – 1999. – 30 июнь.
 Самарқанд тиббиёт институти (СамТи) //Ўзбекистон Миллий энциклопедияси 7-жилд. Парчин – Солиқ. Таҳрир ҳайъати А.Абдувоҳитов, А. Азизхўжаев, М. Аминов ва б. - Т.: “Ўзбекистон миллий энциклопедияси” Давлат илмий нашриёти,2004. - Б.474.
 Собиров Б. Марказий Осиёдаги кўҳна тиббиёт маскани: [Самарқанд тиббиёт ин-ти ] //Маърифат. – 2003. – 26 апр.
 Ҳамроев Ф. Фидойилик ва ташаббускорлик самараси: [Самарқанд тиббиёт ин-тининг олдинги ва бугунги ҳолати ҳақида] //Ўзбекистон овози. – 2006. – 24 июнь.
 

1945 Маннон Уйғур номидаги Тошкент Давлат санъат институти 65 ёшда

 1945 йил Тошкент Давлат санъат институти номида фаолият бошлаган олийгоҳ 1954 йилдан эътиборан Тошкент Давлат театр ва рассомлик санъати институти, 1991 йилдан бошлаб Маннон Уйғур номидаги Тошкент Давлат санъат институти номи билан аталди. Ўтган давр ичида мураккаб, лекин мароқли жараён оғушида санъат олий таълимининг маълум ва номаълум йўлларини босиб ўтди.
 Дастлабки даврда институт учта – актёрлик, режиссёрлик ва театршунослик факультетларидан ташкил топган эди. Вазифа – Ўзбекистон билан бирга Тожикистон, Қозоғистон, Туркманистон, Қирғизистон республикаларида фаолият кўрсатувчи миллий ва рус театрлари, кино студиялари учун актёр ва режиссёр, санъат ўқув юртлари, илмий тадқиқот муассасалари, матбуот ва радио таҳриятлари учун театршунос мутахассисларни тайёрлашдан иборат эди.
 1954 йили институт ҳузурида рассомлик факультети иш бошлади.
 1960 – йилларнинг аввалидан эътиборан Тошкент театр ва рассомлик санъати институти доирасида олий таълим тузилишини такомиллаштириш, ўқитиш ишларини юқорироқ даражага кўтариш жараёни бошланди. 1962 йили актёрлик ва театршунослик мутахассисликлари бўйича сиртқи бўлим, 1964 йили мусиқали драма ва комедия театри актёрлиги факультети, унинг махсус кафедраси, оммавий тадбирлар режиссураси ва балетмейстерлик факультети, қўғирчоқ театри актёрлиги ва режиссёрлиги кафедраси, 1973 йили театр ва рассомлик санъати мутахассисликларининг барча кўринишлари бўйича тайёрлов курслари очилди.
 1975 йилга келиб, институт 1100 талаба ўқийдиган, собиқ иттифоқдаги энг йирик санъат олийгоҳларидан бирига айланиб қолди.
 1989 йилдан бошлаб институт Америка Қўшма Штатларининг Шимолий Королина Университети санъат институти, Чикаго Қирол коллежи, Хитойнинг Уйғуристон автоном республикаси санъат институти (1993), Югославия Македониясининг Кирил ва Мефодий номидаги давлат университети санъат институтлари билан ижодий алоқалар ўрнатди, аҳдномалар тузилди, амалий ишлар бошланди.
 Махсус кино режиссёрлари, телевидение режиссёрлари, кино ва телевидение операторлари, санъат журналистикаси бўйича мутахассислар тайёрлаш иши йўлга қўйилиб, “театр ва рассомлик” атамаси институт номига торлик қилиб қолди. Шу муносабат билан ҳукумат қарорига биноан олийгоҳ 1991 йилдан эътиборан Маннон Уйғур номидаги Тошкент Давлат санъат институти номини олди.
 1997 йили рассомлик факультети институтдан алоҳида олийгоҳ сифатида ажралиб чиқди.

Адабиётлар

 Аҳмедова З. Мураббийлар: [Ўзбекистон Давлат санъат ин-ти педагоглари ҳақида] //Театр. – 2008. – №3. – Б. 9 – 10.
 Воҳидов Ҳ. Малакали санъаткорларни тарбиялашда ижтимоий фанларнинг ўрни: [Маннон Уйғур ном. Тошкент Давлат санъат ин-ти ҳақида] //Театр. – 2003. – № 6. – Б. 14 – 15.
 Ижод Академияси: [Маннон Уйғур ном. Тошкент Давлат санъат ин-ти 60 ёшда] //Театр. – 2006. – №1. – Б.5 –6.
 Ризаев О. Санъат институти янги қиёфада: [Маннон Уйғур ном. Тошкент Давлат санъат ин-ти ҳақида] //Театр. – 2005. – №4. – Б.2 –3.
 Турсунов Т. Йиллар ва йўллар: [Маннон Уйғур ном. Тошкент Давлат санъат ин-ти ҳақида] // Театр. – 2003. – №6. – Б.5 – 6.
 Убайдуллаев А. Кинотелерадио санъати: [Маннон Уйғур ном. Тошкент Давлат санъат ин-тининг кинотелерадио санъати факультети ҳақида] //Театр. – 2003. – №6. – Б.16 – 17.
 Усмонова Н. Янги ўқув йили янги кошонада: [Маннон Уйғур ном. Тошкент Давлат санъат ин-ти ҳақида] // Тошкент оқшоми. – 2005. – 6 сент.
 Қобилов Н., Тўлаганов А. Халқ севган санъат дарсхонаси: [Маннон Уйғур ном. Тошкент Давлат санъат ин-тининг мусиқали драма санъати кафедраси ҳақида] //Театр. – 2003. – №6. – Б.28.

 

Mutaxassislar uchun


Bu oyning muhim kunlari

Mart

   Ҳурматли китобхонлар!

 Кутубхонанинг диссертациялар залида Россия Давлат кутубхонаси (РГБ) нинг диссертациялар электрон кутубхонасидан (130 мингдан ортиқ электрон диссертациялар) фойдаланиш имконияти мавжуд. ДЭКдан фойдаланиш учун Сизга администратордан: Логин ва Пароль олиш зарур бўлади (3-қават, 37-хона) 
 

 

 

 

Мустақил Ўзбекистоннинг 2010 йилги муҳим ва унутилмас саналар тақвими

2010 йилнинг муҳим саналар

O’zbekiston Respublikasi yirik kutubxona va axborot-kutubxona markazlari 


   

©1999-2010 O`zbekiston milliy kutubxonasi.
Bizga yozing
Топ рейтинг www.uz
Developed by